Жаҳон | 12:00
2080
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг “Тинчлик кенгаши”га 35 га яқин давлат қўшилишга рози

АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши”га қўшилишга аллақачон тахминан 35 та давлат розилик берган. Бу ҳақда чоршанба куни, 21 январда Reuters агентлиги Оқ уйдаги исми ошкор этилмаган юқори лавозимли манбага таяниб хабар қилди.

Фото: Denis Balibouse / Reuters

Таклифномалар тахминан 60 давлат раҳбарларига юборилган, улар орасида Россия, Беларус ва Хитой ҳам бор. Reuters’нинг ёзишича, айрим давлатлар Трамп билан муносабатларни бузиб қўймаслик, унинг “ғазабини қўзғатмаслик” учун таклифни рад этишга журъат этолмаяпти. Агентлик Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Европа давлатларидан бўлган 16 нафар сиёсатчи ва делегат билан суҳбатлашган.

“Айрим ҳудудлардан бўлган амалдорлар шахсий суҳбатларда Трампнинг ‘Тинчлик кенгаши’га қўшилишни танлов эмас, балки мажбурият сифатида қабул қилишини айтди”, — дейилади мақолада. Ғарбдан бўлган делегатлардан бири Вашингтоннинг оширилган божлари, Эрон, Венесуэла, Ғазо сектори ва Гренландия билан боғлиқ сиёсатни эслатган.

Кутилишича, “Тинчлик кенгаши”нинг низоми 22 январ куни Давосда имзоланади ва янги тузилманинг раиси сифатида Доналд Трампнинг ўзи турибди. Ижро қўмитаси таркибига, бошқалар қаторида, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва Британия собиқ бош вазири Тони Блэр кириши кутилмоқда.

Reuters’га кўра, айрим Европа етакчиларини лойиҳа низомида қарор қабул қилиш ваколатларининг асосан Трамп қўлида жамланиши ташвишлантирмоқда. Ҳужжат лойиҳасига қараганда, Трамп “кенгаш” раиси лавозимини деярли умрбод сақлаб қолиши мумкин: у фақат ўз хоҳиши билан ёки ижро қўмита аъзоларининг бир овоздан қабул қилган қарори билангина лавозимдан кетиши мумкин.

Шу билан бирга, Reuters’га изоҳ берган европалик дипломатнинг айтишича, ЕИ давлатлари “Тинчлик кенгаши”га қўшилиш масаласида ўзаро маслаҳатлашади, аммо якуний қарорни ҳар бир давлат ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мустақил қабул қилади.

Маълумотларга кўра, 21 январга қадар “Тинчлик кенгаши” аъзоси бўлишга Аргентина, Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Венгрия, Қозоғистон, Марокаш, БАА, Ветнам ва бошқа бир қатор давлатлар розилик берган.

Reuters хабар қилишича, Франция президенти Эммануэл Макрон таклифни рад этиш ниятида. Франция ТИВ раҳбари Жан-Ноэл Барронинг тушунтиришича, “Тинчлик кенгаши” низоми Франциянинг, айниқса БМТ олдидаги халқаро мажбуриятлари билан мос келмайди.

Швеция ва Норвегия ҳам “Тинчлик кенгаши”га қўшилмасликка қарор қилган. Италия ва Германия эса ҳали якуний қарор қабул қилмаган. Германия ҳукуматида эса бу тузилма “кераксиз” деб танқид қилинган.

“Қўшимча халқаро институтларга эҳтиёж йўқ. Бизда БМТ бор, янги органлар тузиш ўрнига уни мустаҳкамлаш керак”, — деди 21 январ куни ГФР вице-канцлери ва молия вазири Ларс Клингбайл.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид