Жаҳон | 16:13 / 23.01.2026
2019
3 дақиқада ўқилади

Европарламентда фон дер Ляйенга ишончсизлик вотуми ўтмади

Европарламентда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйенга нисбатан навбатдаги ишончсизлик вотуми муваффақиятсиз якунланди. Пайшанба куни, 22 январда 390 нафар евродепутат ташаббусга қарши овоз берди, уни фақат 165 нафари қўллаб-қувватлади. Шу тариқа фон дер Ляйенга ишончсизлик билдириш учун зарур бўлган — овозларнинг учдан икки қисми (2/3) йиғилмади.

Франциядаги ўнг популистлар етакчиси Жордан Барделла ва унинг “Европа учун ватанпарварлар” гуруҳига кирувчи бошқа депутатлар фон дер Ляйенга ишончсизлик вотумини ЕИнинг Жанубий Америка давлатлари — Меркосур бирлашмасига кирувчи мамлакатлар билан имзолаган савдо келишуви сабабли овозга қўйди. Уларнинг фикрича, ЕК раҳбари “Европа фермерлари ва фуқаролари фикрини ҳануз инкор этмоқда”. Уларнинг резолюциясини бошқа ўнг популистлар билан бирга Германиядаги ўта ўнг “Германия учун муқобил” (AfD) партиясининг уч депутати ҳам қўллаб-қувватлаган.

Урсула фон дер Ляйен муҳокамада иштирок этмади — ишончсизлик вотумининг асосий ташаббускори Барделла ҳам залда бўлмаган. Бу — жорий чақириқдаги Европарламентда фон дер Ляйенга нисбатан тўртинчи бор ўтказилган ва яна муваффақиятсиз чиққан овоз беришдир.

Октябр бошида фон дер Ляйенга нисбатан икки ишончсизлик вотуми ўтмаган эди: бири Сўл фракция ташаббуси билан, иккинчиси эса “Европа учун ватанпарварлар” фракциясидаги ўта ўнг депутатлар томонидан киритилган. Ўнг популистлар ўз мурожаатида, жумладан, иқлимни ҳимоя қилиш сиёсати ва миграция сиёсатига оид танқидларни келтирган. Шунингдек, улар фон дер Ляйенни ҳаракатларида етарли шаффофлик йўқлиги ва цензурада айблаган. Сўл фракция эса ЕК раҳбарини АҚШ президенти Доналд Трамп билан “фалокатли божхона келишуви” учун танқид қилган.

Июл ойида ҳам ишончсизлик вотуми ўтмаган эди — у румин депутати Георге Пиперае томонидан “Европалик консерваторлар ва ислоҳотчилар” (ECR) гуруҳи номидан киритилган, бу гуруҳга Италия, Полша, Франция ва Испаниядаги ўта ўнг партиялар киради. Сабаблардан бири сифатида пандемия даврида вакциналар хариди масаласида фон дер Ляйеннинг Pfizer раҳбари билан ёзишмалари атрофидаги можаро тилга олинган. Шунингдек, мурожаат муаллифи Еврокомиссияни Руминиядаги президент сайловларига аралашишда айблаган ва ЕИнинг мудофаа харажатларини молиялаш дастурига қарши чиққан.

Еврокомиссия раҳбарига ишончсизлик бўйича овоз беришлар жуда кам учрайди. Фон дер Ляйенга қарши вотумлардан олдин бундай ҳолат охирги марта 2014 йилда бўлган — ўшанда Европарламентдаги ўнг популистлар Жан-Клод Юнкерга ишончсизлик масаласини кўтарган, аммо ташаббус етарли қўллаб-қувватлов олмаган.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид