Ўзбекистон | 08:21 / 23.01.2026
3070
3 дақиқада ўқилади

Йўл соҳасида янги босқич: 86 та назорат шохобчаси ўрнатилади

Автомобил йўллари қўмитаси маълумотига кўра, республикадаги йўлларнинг 42 371 километри умумий фойдаланишдаги, 142 225 километри эса шаҳар ва аҳоли пунктлари кўчаларидан иборат. 2025 йилда 4 318 та объектда йўл ишлари амалга оширилган.

Республикада жами 184 596 км автомобил йўллари мавжуд бўлиб, шундан умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари 42 371 кмни, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари эса 142 225 кмни ташкил этади. Бу ҳақда Автомобил йўллари қўмитаси матбуот котиби Нилуфар Жумаева маълум қилди.

Маълум қилинишича, 2025 йилда 4 318 та объектда жами 15 трлн 758 млрд сўм миқдорида йўл ишлари бажарилган. Натижада 21 553 км автомобиль йўллари ҳамда 320 та кўприк иншоотлари реконструкция қилиниб, таъмирланган.

Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида 300,3 млн доллар маблағ ўзлаштирилиб, 213,1 км йўл реконструкция қилинган. Шу билан бирга, йўл ишларида “ресурс усули”дан воз кечилиб, сифат ва ҳажм кўрсаткичларини назарда тутувчи “ҳажм усули”га ўтилган.

Шунингдек, соҳага оид 42 та стандарт ва меъёрий ҳужжатлар илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқилгани айтилди.

Йўлларда юк автомобилларининг вазни ва ҳажмини назорат қилувчи 86 та ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойлар аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 41 таси бўйича ғолиб тадбиркорлар аниқланган.

Аҳоли ва йўллардан фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида бир қатор объектлар фойдаланишга топширилган. Жумладан, Хива шаҳрида 550 метр узунликдаги ерости автомобил йўли қурилиб ишга туширилган. Бекобод туманида Дўстлик ва Янгиовул маҳаллаларини боғловчи Сирдарё дарёси устидаги 200 п/м кўприк, шунингдек унга олиб борувчи 6 км автомобил йўли фойдаланишга топширилган.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида Ислом Каримов кўчасини М-39 магистраль йўлига боғловчи янги йўналишдаги 4 км автомобил йўли ва 700 п/м йўл ўтказгич қурилиб, аҳоли учун очилган. Махтумқули кўчасидан Янги Ўзбекистон боғи чорраҳасигача бўлган қисмда 6,7 км автомобил йўли ҳамда Олимпия шаҳарчасига туташ ҳудудларда 21 км спорт йўлакчалари қурилган.

Бундан ташқари, Бўстонлиқ туманида “Тошкент—Бўстонлиқ” автомобил йўлида ерости пиёдалар ўтиш туннели қисқа муддатларда (48 соат) қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид