Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия ва Италия ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди
Берлин ва Рим стратегик ҳамкорлик режаси ҳамда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги келишувларни маъқуллади. ГФР канцлери иқтисодиётни мустаҳкамлаш, миграция сиёсати ва ЕИ ҳамда НАТО ролини кучайтириш истагини билдирди.
Фото: Andreas Solaro/AFP
Германия ва Италия 23 январ, жума куни Римда бўлиб ўтган ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар якунларига кўра стратегик шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олди. ГФР канцлери Фридрих Мерц ва бир қатор федерал вазирлар ташрифи чоғида икки ҳужжат имзоланди: Германия–Италия “стратегик ҳамкорлик бўйича ҳаракатлар режаси” ва мудофаа ҳамда хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳақидаги декларация.
Мерцнинг сўзларига кўра, Германия ва Италия “фаол миграция сиёсати”ни қўллаб-қувватлайди, иқтисодиётга “янги туртки” бериш тарафдори, шунингдек икки мамлакат мудофаа саноати ҳамкорлигига “янги динамика” киритишни истайди.
Мерц 2026 йилда Германия ва Италия “умумий тарихда кам учраган даражада яқин” эканини, икки мамлакат олдида турган чақириқларни баҳолашда катта даражада мувофиқлик борлигини айтди.
Унинг таъкидлашича, Берлин ва Рим олдида икки асосий вазифа турибди: саноат рақобатбардошлигини кучайтириш ва хавфсизлик даражасини ошириш. “Биз ягона Европа Иттифоқи ва янги ‘катта давлатлар даври’да кучли НАТО учун курашяпмиз”, — деди канцлер.
Италия бош вазири Жоржа Мелони қўшма матбуот анжуманида томонлар аллақачон яқин бўлган шериклик доирасида “янада улканроқ мақсадлар”ни олдига қўйганини билдирди.
Мелони умумий мудофаа сиёсати ва АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ҳақида гапирар экан, Европа давлатлари “бошқалар биз учун нима қилиши мумкин” деган саволни бериш эмас, балки “биз ўзимиз нима қилишимиз керак” деган масалага эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади.
Берлин ва Рим келишган ҳаракатлар режаси икки томонлама ҳамкорликни ҳамда Европа Иттифоқи даражасида мувофиқлаштиришни чуқурлаштиришга қаратилган. Икки ҳужжатда ҳам Германия ва Италиянинг ЕИ ва НАТОдаги роли алоҳида урғуланади, шунингдек Россия тажовузи давом этаётган шароитда Украинага кейинги қўллаб-қувватлашга содиқлик тасдиқланади.
Германия томонидан ҳужжатларни имзолашда Мерцдан ташқари тўққиз нафар федерал вазир иштирок этган. Улар орасида молия вазири Ларс Клингбайл, ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул, мудофаа вазири Борис Писториус, ички ишлар вазири Александер Добриндт ва иқтисодиёт вазири Катерина Райхе ҳам бор.
Хавфсизлик ва мудофаа бўйича алоҳида декларацияда Германия ва Италия операциялар, миссиялар, инқирозларни бошқариш ва ҳарбий тайёргарлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга, шунингдек мудофаа тармоқлари кооперациясини кенгайтиришга келишди. Бу, жумладан, ҳаводан мудофаа ва ракетага қарши мудофаа, ҳарбий кемалар қурилиши ҳамда авиация жанговар тизимлари соҳаларини ҳам ўз ичига олади.
Сўнгги ойларда Берлин ва Рим бир қатор муҳим масалалар бўйича позицияларини сезиларли даражада яқинлаштирган. Жумладан, ЕИ билан Меркосур давлатлари ўртасидаги эркин савдо келишувини қўллаб-қувватлаш ва 2035 йилдан янги ички ёнув двигателли автомобиллар сотувини тақиқлаш ҳақидаги умумевропа қарорини қайта кўриб чиқиш шулар жумласидандир.
Мавзуга оид
13:18
Германия: Москва муросага тайёр бўлмаса, натижа бўлмайди
09:12
Германия Шойгу баёнотига таяниб, Россиядан бўлган дезертирга бошпана бермади
08:31
Германия Трампнинг “Тинчлик кенгаши”да иштирок этишдан бош тортди
14:42 / 23.01.2026