Жамият | 19:50 / 24.01.2026
3949
5 дақиқада ўқилади

Ҳукмдорларни ортидан эргаштирган инсон қиссаси

“Балки бу китобни ўқишдан воз кечаётгандирсан, энг камида ичингда шундай ўйлайсан. Билгинки, сени бундан воз кечтирган ҳам, ичингдаги васваса ва ғулғула ҳам менман. Ахир айтдим-ку, Мен - сенман...”. Ушбу иқтибос турк адиби Фотиҳ Думаннинг “Мен” китобидан олинди. Бугун “5 дақиқа”да ичимиздаги энг катта душман ҳақида гаплашамиз. 

Ушбу асарни гўёки бизга замонавий Истанбулда яшовчи йигит ўқиб беради. Унинг қўлига XVII асрдаги машҳур олим ва қози Азиз Маҳмуд Худойи ҳаёти ҳақидаги китоб тушиб қолади. Йигит мутолаа жараёнида ўзи учун номаълум бўлган дунё эшикларини очиб киради. 

Асар қаҳрамони қози Маҳмуд Афанди Усмонийлар империясининг ҳукмронлиги даврида яшайди. У йиллар давомида машаққат билан илм олади ва ўша даврнинг энг юксак мартабаларидан бири - қозилик мақомига эришади. Бурса шаҳрига қози бўлади.

Қози Маҳмуд Афандини бир ҳолат ларзага солади. Шаҳарда Бакр Афанди исмли фақир киши яшарди, у ҳар йили ҳажга боришни орзу қиларди. Агар шу йил ҳам ҳажга боролмасам, хотинимнинг жавобини бердим, дейди. Буни қарангки, бир бегуноҳ аёл зулмдан қутулиб қолади. Бакр Афанди Уфтода ҳазратларининг дуоси билан Ҳаж амалини бир кечада бажаради. Бу воқеа қози жанобларининг ақлига сиғмайди. Қандай қилиб бир кечада шунча масофани босиб ўтиш мумкин, деб эътироз қилади. Жавоб эса жуда оғир бўлади: “Яратганнинг душмани бўлмиш шайтонга берилган имконият Унинг дўстларига берилмасинми?”

Шу жавоб қози жанобларининг бутун дунёқарашини парчалаб юборди. Бурса қозиси ўз рутбасини ечади. Шайх Уфтода ҳазратларига шогирд тушади. Шу ердан асарнинг энг оғир, энг таъсирли қисми бошланади.

Қози жанобларини телбага чиқаришади

Асарда нафснинг етти даражаси - нафси амморадан комил нафсгача бўлган йўл инсоннинг ички имтиҳонлари сифатида тасвирланади.

Қози Маҳмуд Худоий шайх Уфтода раҳнамолигида нафсни енгиш йўлига тушади. У нафснинг барча босқичларидан ўтиб, илм, тақво ва маънавий барқарорликка эришади. Бу жараёнда ҳар бир даража инсон учун имтиҳон ва машаққат сифатида кўрсатилади.

Нафснинг аммора босқичида кибр, шаҳват, ҳасад ва гуноҳлар инсонни ҳамиша синовдан ўтказади. Кейинги олти босқич янада мураккаблашиб бораверади.

Кечагина шаҳар қозиси бўлган Маҳмуд Афанди бозорда жигар сотади. Халқ уни телбага чиқаради, устидан шафқатсизларча кулади. У талабаларга хизмат қилади, биз билган дунёнинг энг паст, оғир ишларини қилиш орқали ичидаги кучга қарши кураш йўлига киради.

У султонларга маслаҳат беради...

Кун келадики, бир вақтлар қозиликдан кетган инсонни бутун халқ тан олади. Минглаб инсонларга раҳнамо бўлади, жамиятга фақат яхшилик тарқатади.

Маҳмуд Худоий нафснинг барча босқичларидан ўтгандан сўнг, устозининг дуоси амалга ошади. У турк ҳукмдорлари орасида маслаҳатчига айланади, мамлакатни бошқаришда ёрдам беради, султонлар унинг ортидан эргашиб юради.

Маҳмуд Худоий ҳаёти мисолида инсоннинг ҳақиқий ғалабаси ичидаги менни енгишда, ҳақиқат йўлида ҳаракат қилишда ва маънавий ривожланишда эканини исботлайди.

Бу воқеаларни бизга ўқиб бераётган замонавий дунёдаги йигит ҳам маънан ўзгаради, унинг дунёқараши кенгайиб, ҳаётга нега келганининг моҳиятини англаб етади. Ичидаги ҳақиқий душманни таниб олади.

Хулоса

Асар сўнгида “Мен” тилга киради. Ўзингча мени таниб олдим, деб ўйлаяпсанми? Шу ҳолинг билан мени енгмоқчимисан, деб ўқувчининг устидан кулади. Менга қарши курашишни исташ бошқа, курашиш бошқа. Ҳозир ўқиб тугатганларингни, билганларингни унуттираман. Мен албатта ғолиб бўламан, дейди.

Афсуски, Шайх Маҳмуд Худоий ҳам ўлими олдидан нафснинг энг охирги ҳийлаларидан огоҳлантиради. У ҳийла қачон пайдо бўлиши, қайси вақтда қаршингиздан чиқишини ушбу китобни тўлиқ ўқиб чиққанингиздан сўнг билиб оласиз. Бу асар мутолаасини эртага қолдирманг, бугун олиб ўқинг.

Мавзуга оид