Ўзбекистон | 16:03 / 24.01.2026
2153
2 дақиқада ўқилади

Олис маҳаллаларда давлат хизматлари “бир қадам” тамойили асосида кўрсатилади

Туманларнинг олис ҳудудларида яшовчи аҳоли учун давлат, банк ва бошқа хизматларнинг “бир қадам” тамойилида кўрсатилишини таъминлаш мақсадида маҳалла ахборот ва сервис марказларини ташкил этиш бўйича янги ташаббус илгари сурилди. Лойиҳа илк босқичда эксперимент тариқасида икки ҳудудда синовдан ўтказилади.

Фото: Kun.uz

Тақдим этилаётган таклифга кўра, эксперимент тариқасида Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳамда Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида маҳалла ахборот ва сервис марказлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Марказлар фаолиятини туман марказидан, қоида тариқасида, 20 километр ва ундан олисда жойлашган 5 та маҳаллада йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, ушбу марказларга ёндош маҳаллаларни туман ҳокимлиги томонидан бириктириш механизми ҳам назарда тутилган.

Мазкур марказларда аҳолига барча турдаги давлат хизматлари ҳамда банк хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилиши кутилмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиши учун зарур бўлган ҳужжатларни тезкор расмийлаштириш шароитларини яратиш ҳам режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида марказларда бириктирилган маҳаллалар бўйича ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар, инфратузилма ва ижтимоий объектлар ҳолати, томорқа ва боғлар, профилактика каби йўналишларга оид маълумотларни қамраб олувчи ситуацион бошқарув платформаси жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Эксперимент натижаларига кўра, мазкур амалиётни бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш юзасидан асосли таклифлар тайёрлаш ҳамда йил якуни бўйича Ўзбекистон президенти ҳузурида тақдимот қилиш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид