Жаҳон | 12:04 / 24.01.2026
2072
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага юзлаб генератор юборaди

Еврокомиссия Украинага 447 та генератор жўнатади. Франция эса ҳар куни Россия томонидан ўққа тутилаётган украин энергетика тизимига ёрдам масаласида фавқулодда йиғилиш чақирмоқда.

Фото: REUTERS

Европа комиссияси Украинага умумий қиймати 3,7 миллион евро бўлган 447 та фавқулодда (авариявий) генератор юборaди. Бу генераторлар Россиянинг энергетика инфратузилмасига тўхтовсиз зарбалари туфайли зарар кўрган касалхоналар, бошпаналар ва ҳаётни таъминлаш хизматларида электр таъминотини тиклаш учун мўлжалланган.

Еврокомиссия 23 январ, жума куни эълон қилган баёнотга кўра, ушбу ҳужумлар оқибатида ҳаво ҳарорати −20°C бўлган шароитда Украинада бир миллион киши ёруғлик ва иссиқликсиз қолган.

Ҳужжатда айтилишича, генераторлар Украина Қизил Хоч жамияти билан ҳамкорликда энг кўп зарар кўрган ҳудудларга тақсимланади. Еврокомиссия вакили Ева Гринчирова кундалик брифингда шундай деди: “Биз Россияга Украинани музлатиб қўйишга йўл қўймаймиз. Россия қоронғиликни ёйган жойларга биз ёруғлик ва иссиқлик олиб келяпмиз”.

23 январ, жума куни Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро BFM телеканалига Франция G7 давлатлари, шунингдек Шимолий Европа ва Болтиқбўйи мамлакатлари билан Украина энергетика тизимини қўллаб-қувватлашни мувофиқлаштириш учун йиғилиш ўтказишини айтган.

“Россия президенти Владимир Путин Украина шаҳарлари ва энергетика инфратузилмасига ўқ узишда давом этяпти. Биз Украинага ёрдам беришда давом этамиз”, — деди Барро.

Унинг қўшимча қилишича, Франция Украинага умумий қуввати 13 мегаватт бўлган тахминан 100 та генератор беради. Унинг сўзларига кўра, онлайн учрашув давомида бошқа давлатлар ҳам Киевга қўшимча ёрдам ҳақида баёнот бериши кутилмоқда.

Украина пойтахти учинчи ҳафтадирки, Россиянинг энергетика инфратузилмасига оммавий ҳужумлари оқибатлари билан курашмоқда. Киев шаҳар ҳокими Виталий Кличко маълумотига кўра, 23 январга келиб шаҳарда 1940 та кўп қаватли уй иссиқлик таъминотисиз қолган. У аниқлаштиришича, бу уйларнинг “катта қисми шаҳарнинг чап соҳилида, Печерск туманида, қолган қисми — Голосеев ва Соломен туманларида”.

Бундан ташқари, Украина энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Артём Некрасов хабар беришича, 23 январга келиб РФ қўшинларининг тунги зарбалари оқибатида Суми, Днипропетровск, Харкив ва Запорижжя вилоятларида истеъмолчилар электрсиз қолган.

“Авариявий-тиклаш ишлари барча ҳудудларда олиб борилмоқда”, — деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид