Жаҳон | 10:58 / 26.01.2026
2080
3 дақиқада ўқилади

Британияда “ФТБга ўхшаш” полиция хизмати пайдо бўлади

Англия ва Уэлсда терроризм, уюшган жиноятчилик ва фирибгарликка қарши курашни ўз зиммасига оладиган янги Миллий полиция хизмати ташкил этилмоқда. Уни “британча ФТБ” деб аташмоқда.

Фото: Global Look Press

Буюк Британия ҳукумати янги Миллий полиция хизматини (National Police Service, NPS) ташкил этади. У терроризм, уюшган жиноятчилик ва фирибгарлик каби энг оғир жиноят турларини тергов қилиш билан шуғулланади. Бу ҳақда 23 январ куни журналистларга ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд маълум қилди.

Унинг айтишича, Лондонда АҚШнинг Федерал тергов бюроси (ФТБ)га ўхшатилган бу янги идора Жиноятчиликка қарши миллий агентлик (National Crime Agency, NCA)нинг вазифаларини — масалан, наркотиклар контрабандаси ва одам савдоси каби жиноятларга қарши курашишни миллий даражадаги бошқа тузилмалар вазифалари билан бирлаштиради. Булар қаторига терроризмга қарши бўлинмалар ва йўл (транспорт) полицияси ҳам киради.

NPS асосан Англия ва Уэлс ҳудудини қамраб олади, аммо бутун Буюк Британия бўйлаб ҳам ишлай олади. Жумладан, у стандартларни белгилаши, полиция ходимларини ўқитиши, шунингдек янги технологияларни — масалан, юзни таниб олиш функциясига эга камераларни харид қилиши мумкин.

Хизматга жиноятчиликка қарши миллий комиссар раҳбарлик қилади ва у Буюк Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги энг юқори лавозимли амалдорга айланади. Ҳозирда бундай мақом Лондон Метрополитен полицияси раҳбарига тегишли.

Миллий полиция хизмати ташкил этилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги кенг кўламли ислоҳотнинг бир қисми бўлади. Британия ҳукуматининг баҳосига кўра, бу — 1829 йилда Роберт Пил томонидан илк профессионал полиция хизматига асос солинганидан бери полициядаги энг катта ўзгаришлардан бири. Ислоҳотнинг батафсил тафсилотларини ҳукумат душанба, 26 январ куни тақдим этишни режалаштирмоқда.

Маҳмуд “полициянинг ҳозирги ишлаш модели бошқа аср учун ишлаб чиқилган”ини айтди. Унинг сўзларига кўра, NPS “дунё миқёсидаги иқтидорлар ва энг замонавий технологиялар”дан фойдаланиб, хавфли жиноятчиларни қидириб топиш ва қўлга олишга хизмат қилади.

Ҳозирда Англия ва Уэлсда 43 та полиция бошқармаси мавжуд бўлиб, Reuters агентлиги ёзишича, уларнинг айримлари “федерал даража” вазифаларини ҳам бажаради. Ҳукумат ислоҳот минтақавий бўлинмаларга дўкон ўғирликлари ва жамоат тартибига зид хатти-ҳаракатлар каби кундалик ҳуқуқбузарликларга қарши курашга кўпроқ эътибор қаратиш имконини беради, деб умид қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид