Жамият | 11:46
1365
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида йирик миқдорда наркотиклар мусодара қилинди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида 20 январдан бошлаб мамлакатда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган кенг кўламли тезкор-қидирув тадбирлари давом этмоқда.

Тезкор тадбирлар доирасида Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ўтказилган операция чоғида Бекобод шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик савдоси учун судланган шахс шартли харидорга 200 грамм “гашиш” моддасини 50 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс олинган пул маблағининг 6,9 миллион сўмини 1989 йилда туғилган ҳамшаҳарига берган пайтда у ҳам ушланди. Уни текшириш жараёнида ёнидан 500 грамм “гашиш” моддаси аниқланди. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Бекобод тумани ҳудудида Cobalt русумли автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Тошкент шаҳрида яшовчи, 1973 йилда туғилган шахснинг ёнидан 600 грамм “опий” моддаси топилди. Аниқланишича, у мазкур гиёҳвандлик воситасини Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган танишидан 5 минг АҚШ доллари ва 5 миллион сўмга сотиб олган.

Тезкор тадбир давомида Бекобод шаҳридаги наркосавдогарнинг уйидан 1 килограмм 47 грамм “опий” моддаси, шунингдек, унинг икки нафар жиноий алоқадор шахсидан 335 грамм “опий” мусодара қилинди. Тергов маълумотларига кўра, ушбу гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид