Жаҳон | 11:30
1552
4 дақиқада ўқилади

Абу-Даби музокаралари фонида Украинага ҳужумлар кучайди

Германия мудофаа вазири Писториус АҚШ иштирокида давлатлар ўртасида илк уч томонлама музокаралар ўтаётган бир пайтда РФнинг Украинага берган зарбаларини “айниқса пасткашлик” деб баҳолади. У содир бўлаётган ҳодисаларни Украина аҳолисига қарши “террор” деб атади.

Фото: Reuters

Германия мудофаа вазири Борис Писториус АҚШ иштирокида давлатлар ўртасида илк уч томонлама музокаралар бўлиб ўтган пайтда (Абу-Дабида 23–24 январ) Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига қилган ҳужумларини “айниқса пасткашлик” деб атади. Бу ҳақда у 26 январ, душанба куни Берлинда Литва мудофаа вазири Робертас Каунас билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида баёнот берди.

Писториуснинг сўзларига кўра, Россия қаттиқ қишда фуқаролик энергетика инфратузилмасига “тинмай куч ва шафқатсизлик билан” зарбалар бермоқда. Вазир бу ҳолатни “халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда Украина аҳолисига қарши террор” деб атади.

Писториус таъкидлашича, ҳужумлар кўпайгани фонида Украина ҳаво мудофаа тизимлари учун ўқ-дориларга муҳтож. Вазирнинг айтишича, Германия Iris-T тизимларини Украинага “деярли узлуксиз” етказиб беряпти. Аммо АҚШнинг Patriot тизимларини ҳозирча етказиб бериш имконсиз, чунки Бундесвер ўз захираларининг “учдан биридан кўпроғини” аллақачон бериб бўлган ва ҳозир АҚШдан янги етказиб беришларни кутяпти.

25 январга ўтар кечаси Украина яна РФ томонидан ракета ва дронлар билан навбатдаги оммавий ўққа тутишга учради. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия қўшинлари украин ҳудудларига “Искандер-М” туридаги 2 та баллистик ракета ва 102 та ҳужумкор дрон учирган. Украина маълумотига кўра, 87 та дрон уриб туширилган, бироқ 15 та ҳужумкор дроннинг 10 та турли нуқтага урилгани ҳам қайд этилган.

Ҳужумлар музокара кунлари — 23 ва 24 январда ҳам бўлган. Даъво қилинишича, ўша пайтда РФ 370 дан ортиқ ҳужумкор дрон ва турли турдаги 21 та ракетани ишлатган. 24 январдаги ҳужумнинг асосий нишони Киев бўлган: у ерда муҳим инфратузилма объектларига зарба берилган. Натижада Украина пойтахтидаги тахминан 6000 та турар жой уйи иситишсиз қолган. 26 январга келиб, Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, бундай уйлар сони 1200 тадан кўпроқ.

Украина раҳбарининг айтишича, ўтган ҳафта давомида Россия қўшинлари Украина ҳудудига 1700 дан ортиқ ҳужумкор дрон, 1380 дан ортиқ бошқариладиган авиабомба ва турли турдаги 69 та ракета учирган. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига эса мамлакатга отилган ракеталар “фақат одамларимизни эмас, балки музокаралар столи(ни) ҳам урди”, деб айтган.

АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги икки кунлик музокаралар 23–24 январ кунлари Абу-Дабида ёпиқ тарзда бўлиб ўтган. Киев делегациясига Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Рустем Умеров раҳбарлик қилган. Музокараларда президент офисининг раҳбари Кирилл Буданов ҳам иштирок этган. Россия томонидан БААда Мудофаа вазирлиги амалдорлари — Бош штаб Бош бошқармаси раҳбари Игор Костюков бошчилигида — қатнашган. Володимир Зеленский музокараларга ижобий баҳо бериб, уларни “конструктив” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, муҳокама урушни тугатишнинг эҳтимолий параметрлари ва Украина учун зарур хавфсизлик кафолатларига қаратилган.

Уч давлат вакиллари уруш бошланганидан бери биринчи марта АҚШнинг тинчлик режаси бўйича тўғридан тўғри маслаҳатлашувлар ўтказган. Музокаралар бошланишидан сал олдин Москва ўз талабини — Украина армияси Донецк вилоятининг бутун ҳудудидан, шу жумладан ҳозирча Россия назоратида бўлмаган қисмларидан ҳам чиқиб кетиши кераклигини яна тасдиқлаган. Украина эса бундан қатъий бош тортмоқда.

Зеленский айтишича, Украина, Россия ва АҚШ делегацияларининг уч томонлама музокараларининг янги раунди Абу-Дабида 1 феврал куни бўлиб ўтади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков янги учрашув шу ҳафта бўлишини тасдиқлаган, аммо аниқ санани айтмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид