Жаҳон | 08:39
1801
2 дақиқада ўқилади

Харкивга зарба: шаҳар ва вилоятнинг 80 фоиз қисми электрсиз қолди

Маҳаллий ҳокимият хабар беришича, РФ ҳужумидан сўнг Харкив шаҳри ва Харкив вилоятининг 80 фоиз қисми электр энергиясиз қолган. Икки киши яраланган. Энергетика объектлари, шунингдек мактаблар, кўп қаватли уйлар ва болалар боғчаси шикастланган.

Фото: Sofia Gatilova/REUTERS

Россия томонидан амалга оширилган ҳужум натижасида Харкив шаҳри ва Харкив вилоятининг 80 фоиз қисми 27 январ, сешанбага ўтар кечаси электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Олег Синегубов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар “Торнадо-С” реактив ялпи ўт очиш тизими ва Shahed дронлари орқали амалга оширилган. Икки киши яраланган, хусусан Харкивдаги энергетика объекти ва икки мактаб шикастланган. Умуман олганда, Синегубов энергетикага етказилган зарарни “анча жиддий” деб атади. “Ҳозир Харкив шаҳри ва вилоятининг тахминан 80 фоиз қисми электр энергиясиз, чунки бизда авариявий ўчириш жадваллари амал қилмоқда”, — деди у.

Харкивга ракетали зарба 26 январ кечқурун содир бўлган. Шаҳар мэри Игор Терехов Telegram-каналида маълум қилишича, мактабдан ташқари кўп қаватли уйлар ва болалар боғчаси ҳам зарар кўрган. Шунингдек, метро расмий сайтида билдирилишича, “техник сабаблар” туфайли Харкив метрополитенининг учта йўналишидан иккитасида ҳаракат тўхтатилган.

Маҳаллий аҳоли сув ва иссиқлик таъминоти йўқлиги, шунингдек электр қолган биноларда ҳам кучланиш “ўйнаётгани” (кучланиш тебранишлар) ҳақида шикоят қилмоқда. Бу ҳақда Украинадаги “Страна.ua” интернет-нашри маҳаллий Telegram-каналларга таяниб хабар берган.

Шаҳарга уюштирилган олдинги оммавий ҳужум 24 январга ўтар кечаси бўлган. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, у қарийб икки ярим соат давом этган. Шаҳарнинг бир нечта туманларидаги кўп қаватли уйлар, хусусий сектордаги бинолар, маҳаллий шифохона ва туғуруқхона зарбага учраган. Терехов билдиришича, натижада 19 киши яраланган.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид