Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи Россиядан газ импортини тўлиқ тақиқлашга қарор қилди
Европа Иттифоқи 2027 йил 1 январдан суюлтирилган табиий газ, 30 сентябрдан эса қувур орқали Россия газини импорт қилишни тўхтатиш режасини маъқуллади. Бунга Венгрия ва Словакия қарши чиқяпти, Болгария бетараф қолди. Қолган давлатлар ҳужжатни қўллаб-қувватлади.
Россиядан Европа Иттифоқига суюлтирилган табиий газ етказиб беришга тўлиқ тақиқ 2027 йил бошидан кучга киради. Шунингдек, қувур орқали табиий газ етказиб бериш ҳам 2027 йил 30 сентябрдан бошлаб тўхтатилади. Бу бўйича 26 январ куни бўлиб ўтган Евроиттифоқ мамлакатларининг учрашувида келишиб олинди.
«Мазкур регламент ЕИнинг Россия энергия ресурсларига қарамликни тугатишга қаратилган REPowerEU мақсадига эришишда муҳим босқич ҳисобланади», — дейилади ҳисоботда.
ЕИга аъзо давлатлар газ етказиб берилишига рухсат беришдан олдин унинг қаерда ишлаб чиқарилганини текшириши шарт бўлади. Тақиқни бузганлик учун жарималар белгиланган:
- жисмоний шахслар учун — камида 2,5 млн евро;
- компаниялар учун — камида 40 млн евро, ёки йиллик умумий айланманинг камида 3,5 фоизи ёхуд битим бўйича кутилаётган айланманинг камида 300 фоизи.
Шу билан бирга, агар ЕИнинг бир ёки бир нечта давлатида фавқулодда ҳолат эълон қилинса ва газ таъминоти хавфсизлигига жиддий таҳдид юзага келса, Еврокомиссия Россия газини импорт қилишга қўйилган тақиқни тўрт ҳафтагача тўхтатиб туриши мумкин бўлади.
1 мартга қадар аъзо давлатлар газ импортини диверсификация қилиш бўйича режалар тайёрлаши ва Россиядан етказиб беришни алмаштиришда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаши керак.
Россиядан нефт импорт қилишни давом эттираётган ЕИ давлатлари ҳам етказиб беришни диверсификация қилиш режаларини ишлаб чиқиши шарт. ЕИ Кенгаши баёнотига кўра, Еврокомиссия Москвадан нефт импортини босқичма-босқич тўхтатиш бўйича регламентни 2027 йил охирига қадар тақдим этишни режалаштиряпти.
Маълумот учун, 2022 йил охиридан буён Европа Иттифоқида Россия нефтига нарх чеклови амал қилади. Белгиланган нархдан юқори қийматда ёқилғи импорт қилиш тақиқланган. 2022 йилда бир баррель учун максимал нарх 60 доллар этиб белгиланган, ўтган йилнинг сентябрида бу 47,6 долларга, 1 февралдан эса 44,1 долларга туширилади.
Бунга жавобан Москва нарх чекловларига риоя қилувчи шартномалар асосида нефть ва нефть маҳсулотларини экспорт қилишни тақиқлади. Бу чеклов 2026 йил 30 июнгача амал қилади.
Венгрия ва Словакия Россиядан нефть ва газ импорт қилишни давом эттиряпти. Улар Россия нефти ва газидан воз кечишни бекор қилиш ҳамда суд жараёни давомида регламент амалини тўхтатиб туриш талаби билан Европа судига мурожаат қилишни режалаштирган. Ҳар икки давлат ЕИ Кенгаши йиғилишида регламент қабул қилинишига қарши овоз берди. Болгария бетараф қолди, қолган давлатлар ҳужжатни қўллаб-қувватлади.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
18:11 / 12.06.2026
Uzbekistan Airways ёнилғи танқислиги туфайли Ўзбекистондан Россияга айрим парвозларни қисқартиради
17:21 / 12.06.2026