Ўзбекистон | 13:32 / 28.01.2026
1238
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда “Ўзбекистон–Канада” биринчи парламентлараро форуми ўтказилади

Содиқ Сафоев Канада–Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси билан видеомулоқот ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон–Канада парламентлараро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, 2026 йилда Самарқандда илк парламентлараро форум ўтказиш ҳамда савдо-инвестициявий йўналишларда қўшма бизнес форумини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Канада Парламенти Жамоалар палатасидаги “Канада–Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Зияд Абуалтаиф билан видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказди.

Сенат маълумотига кўра, музокаралар давомида Ўзбекистон ва Канада ўртасида парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Олий Мажлиси делегациясининг 2025 йил 26–27 ноябр кунлари Канадага амалга оширган ташрифи ҳамда Канада парламентида “Ўзбекистон куни”нинг муваффақиятли ўтказилгани юқори баҳоланди.

Учрашувда “Ўзбекистон – Канада” биринчи парламентлараро форумини 2026 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Канада делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан муҳим минераллар, қишлоқ хўжалиги, тоза энергетика, таълим ва инновациялар соҳаларида қўшма “Ўзбекистон – Канада” бизнес форумини ўтказиш таклифи ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги парламентлараро мулоқотни ривожлантириш йўлида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид