Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вадефул: Украина ЕИ аъзолигига ҳаққоний имконият олиши шарт
Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истиқболи Россиянинг ҳарбий ҳужумига учраган бу мамлакат учун келажакдаги тинчлик йўлида барқарор ечимни таъминлашга муҳим ҳисса қўшади. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул чоршанба, 28 январ куни Бундестагда “ҳукумат соати” давомида билдирди.
“Европада тинчликнинг барқарор меъморлиги Украина Европа Иттифоқига қўшилиш учун адолатли имконга эга бўлишини назарда тутади”, — деди христиан-демократ Вадефул. Киевнинг эҳтимолий аъзолиги муддатлари ҳақида у фикр билдирмади. “Бугун бу узоқ истиқболдек туюлиши мумкин, аммо Германиянинг ҳам, биз — европаликларнинг ҳам туб манфаатларига кўра, бу мамлакат агрессорга қарши курашда ғалаба қозонишини ва мағлубиятга учрамаслигини таъминлаш муҳим”, — дея таъкидлади ГФР ТИВ раҳбари.
Йоханн Вадефул айтишича, Европа Иттифоқи бутун дунёда бир нечта давлатнинг иттифоқий ҳамкорлиги учун намунавий модел сифатида қабул қилинади, шунинг учун кўплаб бошқа мамлакатларнинг ЕИ аъзоси бўлиш истаги ўзгармай қолмоқда. У Европанинг “ҳаракат қилиш, қарор қабул қилиш ва ривожланишда давом этиш” қобилиятини сақлаб қолиш муҳимлигини ҳам қайд этди.
Европанинг бир қатор давлатлари қаршилигига қарамай, Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатининг 2027 йилга қадар ЕИга аъзо бўлишини қатъий талаб қилишда давом этмоқда. “Европа Иттифоқига аъзолик нафақат биз учун, балки бутун Европа учун ҳам асосий хавфсизлик кафолатларидан бири. Чунки Европанинг умумий кучи, жумладан, Украина томонидан хавфсизлик, технология ва иқтисод соҳаларида қўшиладиган ҳисса ҳисобига ҳам бўлиши мумкин”, — деди Зеленский 27 январ куни Австрия федерал канцлери Кристиан Штоккер билан телефон мулоқотидан сўнг.
Украина президенти таъкидлашича, айнан шу сабабли Киев ЕИга тезроқ киришни талаб қилмоқда ва ҳамкорлардан қўллаб-қувватлаш кутмоқда. Зеленский, шунингдек, Россиянинг оммавий ҳужумларидан қаттиқ зарар кўрган Украина энергетика секторига кўрсатилган ёрдам учун Австрияга миннатдорлик билдирди ва Штоккерни Киевга ташриф буюришга таклиф қилди.
Ҳозирча Украинанинг ЕИга жадаллаштирилган тарзда қўшилиши истиқболи йўқ. Украина номзод давлат ҳисобланади ва Еврокомиссия мамлакатнинг ислоҳотлар бўйича асосий талабларни бажаришдаги илгарилашини тасдиқламоқда. Бироқ Венгрия ветоси сабаб Киев ҳануз ЕИга аъзо бўлиш бўйича расмий музокараларни бошлай олмаяпти. Украина аъзолигининг шартлари юзасидан ҳозирча фақат норасмий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.