Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Франция Россиянинг “яширин флоти” танкерини қўйиб юборади
Илгари ушланган Россиянинг “яширин флоти”га тегишли Grinch танкери мамлакат қонунчилиги талаблари сабабли Франция ҳокимияти томонидан қўйиб юборилади, дея маълум қилди Эммануэл Макрон Украина президенти Володимир Зеленскийга.
Франция илгари ушланган Россиянинг “яширин флоти”га мансуб Grinch нефт танкерини миллий қонунчиликдаги талаб ва чекловлар туфайли қўйиб юборишга мажбур бўлади. Бу ҳақда Володимир Зеленский жума куни, 30 январда журналистлар билан учрашувда маълум қилди. У буни бир кун олдин Эммануэл Макрон билан бўлиб ўтган телефон суҳбатига таяниб айтди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Франция президенти келгусида ушланган танкерлар ҳибсда қолиши учун мамлакат қонунчилигига ўзгартиш киритишни бошлаш нияти борлигини билдирган.
Шу билан бирга, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Франция ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ушланган танкер Россия билан боғлиқ эмас, деб айтганини РИА Новости агентлиги келтиради. “Экипаж, маълум бўлишича, Ҳиндистон фуқароларидан иборат. Юкка келсак, мен унинг кимга тегишли эканини ва эгаси кимлигини билмайман. Демак, ушланган кеманинг мамлакатимиз билан ҳақиқатан ҳам ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ”, — деган у 30 январдаги брифингда.
Айни пайтда халқаро денгиз ҳуқуқи айрим махсус ҳолатлардан ташқари, халқаро сувларда фуқаролик кемаларини тортиб олиш (мусодара)га йўл қўймайди. Украина ОАВ эслатишича, Европа давлатлари томонидан Россиянинг “соя флоти” танкерлари ушланган бошқа барча ҳолатлар ҳам бир муддатдан кейин кемаларни мажбуран қўйиб юбориш билан якунланган.
Европада “яширин” танкерни мусодара қилишнинг ягона маълум мисоли бир йил олдин Германияда кузатилган: экологик фалокат хавфи сабаб Eventin кемаси буксирлаб олиб кетилган. Аммо ҳатто ўша ҳолатда ҳам танкернинг ҳуқуқий тақдири ҳалигача ноаниқ қолмоқда. Илгариги ушлашлар тажрибаси шуни кўрсатдики, давлатларда нефт танкерларини портда сақлаш харажатларини тўлаш бўйича муаммолар пайдо бўлади, шунингдек, уларнинг юки ва экипажи билан қандай йўл тутиш ҳақида ечим умуман йўқ.
Россиянинг “яширин флоти” асосан эски кемалардан иборат бўлиб, улар Ғарбнинг суғурта ва рўйхатдан ўтказиш тизимларидан ташқарида ишлатилади. Шу орқали Россия Европа Иттифоқи томонидан Украинага қарши тажовузкор уруш бошланганидан кейин жорий этилган санкцияларни четлаб ўтади. Нефт сотишдан тушган даромадлар — жумладан Ҳиндистон ва Хитой каби давлатларга арзонлаштирилган нархларда сотиш орқали ҳам урушни молиялаштиришга йўналтирилади.
22 январ куни Ўрта Ер денгизида Grinch нефт танкери ушланганидан кейин Эммануэл Макрон операция вақтида Францияни бир қатор иттифоқчилар, жумладан Буюк Британия ҳам қўллаб-қувватлаганини айтган. У шунингдек, кема халқаро санкциялар остида экани ва эҳтимол “сохта байроқ” остида сузиб келаётганини билдирган.
Орадан олти кун ўтиб, Марсел прокуратураси баёнотига кўра, Россиянинг “яширин флоти”га дахлдор бўлиши мумкин, деган гумон билан ушланган ушбу танкерга нисбатан Франция ҳокимияти маъмурий ҳибс жорий этган. Танкeр капитани — 58 ёшли Ҳиндистон фуқароси аввал Франция ҳокимияти томонидан қўлга олинган, бироқ кейинроқ озод қилинган ва қайтадан кемага қайтган.
Франциянинг BFMTV телеканали хабар қилишича, Grinch танкери Мурманскдан йўлга чиққан ва Комор оролларининг “сохта байроғи” остида ҳаракатланган. Ушланганидан кейин кема Marseille-Fos портига йўналтирилган. BFMTV, шунингдек, Grinch Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилганини, шунингдек Европа иттифоқи ва АҚШ санкциялари остида эканини, аммо уларнинг “қора рўйхати”да бошқа номлар билан қайд этилганини ҳам кўрсатади. Кема асосан нефт маҳсулотларини Хитой ва Ҳиндистонга экспорт қилиш билан шуғулланади.
Мавзуга оид
09:32
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
12:13 / 19.06.2026
Москвага уруш давридаги энг йирик ҳужум – суратлар
08:28 / 19.06.2026