Жаҳон | 16:05 / 03.02.2026
3105
3 дақиқада ўқилади

Россия олимларнинг “дўст бўлмаган” давлатларга сафарларини чеклади

РФ ҳукумати “дўст бўлмаган” деб эълон қилинган давлатларга сафарлар масаласида олимларга уларни ҳокимият билан келишишни қатъий тавсия қилди. 

Фото: AP

Россия Фан ва олий таълим вазирлиги федерал таълим ва илмий ташкилотларга хат юбориб, айрим хорижий давлатлардаги тадбирларни “сиёсийлашув эҳтимоли нуқтаи назаридан синчиклаб баҳолаш”ни талаб қилган. Бу ҳақда душанба, 2 феврал куни “Ведомости” газетаси икки йирик федерал ОТМдаги манбаларга таяниб хабар қилди.

Нашр суҳбатдошларидан бирининг айтишича, хат тарқатилишидан олдин ҳам федерал ОТМдан бирида бир неча олимнинг баҳорга режалаштирилган хорижий сафарлари тўхтатиб қўйилган. Унинг сўзларига кўра, ғарб давлатларига хизмат сафарига чиқмоқчи бўлган бошқа бир қатор олимлар ҳам “сиёсий баҳоналар” билан ушлаб қолинишидан хавотирда — гарчи улар РФнинг Украинага қарши тўлақонли уруши бўйича ўз позициясини очиқ билдирмаган бўлса ҳам.

“Ведомости”нинг яна бир манбаси билдиришича, сўнгги икки йилда МГУ ва ВШЭда олимларнинг “одатий” чет эл хизмат сафари йўналишлари фаол равишда Туркия ва Саудия Арабистонига алмаштирила бошланган. Шунингдек, Эронга хизмат сафари сони ҳам сезиларли ошган — гарчи кўпчилик илмий ходимлар учун бу мамлакат “умуман ихтисослик бўйича тўғри келмаса” ҳам.

Манба қўшимча қилишича, хизмат сафарига юборилаётганлар орасида илмий раҳбарлар ва бошқа маъмурий лавозимдаги шахслар ҳам бор, улар шахсан Европа иттифоқи ва АҚШнинг индивидуал санкциялари остида бўлиши мумкин.

МИФИ матбуот хизмати халқаро илмий алоқалар ва олимларнинг хорижий хизмат сафари қисқариши “анча олдинроқ — санкциялар ва Россиянинг бир қатор илмий ҳамкорликлардан чиқариб қўйилиши оқибатида” рўй берганини айтган. Бауман номидаги МГТУ эса фақат “дўст” давлатлар билан ҳамкорлик қилишини билдирган.

“Ведомости” манбаларига кўра, хорижга чиқиш билан боғлиқ вазият Полшада россиялик археолог Александр Бутягин Украина сўрови билан ушланганидан кейин янада мураккаблашган. Гап унинг Россия Қримни қўшиб олганидан кейин яриморолда олиб борган қазиш ишлари ҳақида кетмоқда.

Бундан олдин Telegram’даги T-Invariant канали ҳам олимларни хорижий сафарларни ҳокимият билан келишишга чақирган тавсиялар ҳақида ёзган ва РФ фан ва олий таълим вазири ўринбосари Константин Могилевский имзолаган хат нусхасини эълон қилган. Унда илмий ходимлар “дўст бўлмаган” мамлакатлардаги тадбирларни “синчиклаб баҳолаш” ва “иштирок этиш мақсадга мувофиқлигини олдиндан ишлаб чиқиш”га чақирилган, зарур бўлса, вазирликнинг халқаро ҳамкорлик департаментини хабардор қилиш кераклиги айтилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид