Жаҳон | 15:26
1066
4 дақиқада ўқилади

Украина Starlink интернет-терминалларини ҳисобга олиш тизимини ишга туширди

Украина Россия ҳарбийларини дрон ҳужумларида Starlink’дан фойдаланиш имконидан маҳрум қилиш учун Starlink сунъий йўлдош интернет терминалларини ҳисобга олиш (рўйхатдан ўтказиш) тизимини ишга туширди. 

Фото: IMAGO

“Яқин орада Украинада фақат текширилган ва рўйхатдан ўтказилган терминаллар ишлайди. Қолганининг ҳаммаси ўчириб қўйилади”, — деб хабар қилди Украина мудофаа вазири Михаил Федоров 2 феврал, душанба куни ижтимоий тармоқларда.

Унинг сўзларига кўра, Украина фойдаланаётган Starlink терминаллари ишлаб чиқарувчи компания SpaceX билан ҳамкорликда “оқ рўйхат” (white list)га киритилади. Рўйхатдан ўтиш жараёни украиналиклар учун “имкон қадар содда” қилинади ва “бепул, тез ва ортиқча бюрократиясиз” амалга оширилади.

Федоров тушунтиришича, бизнес учун Starlink терминалларини тасдиқлаш (верификация) алгоритми ҳам содда бўлади — онлайн тарзда “Дія” портали орқали, мудофаа кучлари учун DELTA орқали алоҳида ҳимояланган канал амал қилади, ҳарбий қисм балансига терминал ўтказиш ёки аккаунт маълумотларини бериш шарт эмас — асосийси, блокланиб қолмаслиги учун терминални “оқ рўйхат”га киритиш керак.

Федоров бу чоралар Россия қўшинлари Украинага қарши урушда Starlink’дан фойдаланаётгани ҳақидаги маълумотларга жавоб эканини айтди. Унинг таъкидлашича, Starlink терминали ўрнатилган Россия дронларини йўқ қилиш қийин: улар паст баландликда учади, РЭК (радиоэлектрон кураш)га чидамли бўлади ва оператор томонидан реал вақт режимида, ҳатто узоқ масофалардан бошқарилади. Вазирга кўра, бу — украинлар ҳаётини сақлаш ва Украина энергетика объектларини ҳимоя қилишга қаратилган “мажбурий қадам”.

Бундан олдин Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов Starlink модуллари ўрнатилган Россия дронлари билан боғлиқ юзлаб ҳужумлар бўлганини айтган. У, шунингдек, 27 январ куни Starlink орқали бошқарилган Shahed дронлари Харкив вилоятида йўловчи поездига ҳужум қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган — ўша ҳодисада беш киши ҳалок бўлган.

Федоровнинг айтишича, вазирлик SpaceX’га Россия армияси Starlink’дан дронларни бошқаришда фойдаланаётгани ҳақида далилларни етказган ва “муаммони ҳал қилишнинг аниқ усуллари”ни таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, Америка компанияси дарҳол ечим устида ишлай бошлаган. 1 феврал куни SpaceX эгаси Илон Маск Россия ҳарбийларининг Starlink’дан фойдаланишига қарши чоралар самара берганини маълум қилган.

Associated Press маълумотларига кўра, Россия Starlink йўлдошларига йўналтирилган қарши сунъий йўлдош қуролини яратиши мумкин. “Зонали таъсир” деб аталган бу қурол Starlink орбиталарига юз минглаб юқори зичликка эга шарсимон элементларни сочишга қаратилган бўлиши мумкин, бу бирйўла бир нечта йўлдошни ишдан чиқариши, бироқ бошқа орбитадаги тизимларга ҳам катта хавф келтириб чиқариши мумкин, деб ёзади агентлик НАТОнинг икки давлати разведка хизматларига таяниб.

Starlink орбитаси Ердан тахминан 550 км баландликда жойлашган. Таҳлилчилар фикрича, агар шундай сценарий амалга ошса, энг катта зарар қуёш батареяларига етиши мумкин — чунки улар сунъий йўлдошнинг энг заиф қисми ҳисобланади.

Ғарб разведкалари Москва эҳтимолий “космик диверсия” орқали Ғарб давлатларининг космосдаги устунлигини, хусусан, Украинага жанг майдонида ёрдам бераётган Starlink йўлдошлари имкониятини чеклашни мақсад қилган, деб ҳисоблайди.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид