Ўзбекистон | 09:45
885
1 дақиқада ўқилади

Уранни қайта ишлаш қувватларини ошириш чоралари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев 2 феврал куни кўмир ва уран саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар юзасидан тақдимот билан танишди. Унда уранни қайта ишлаш қувватларини ошириш ва хомашёни барқарор таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Flickr

Маълум қилинишича, ўтган йили мамлакатда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилган, аниқланган захиралар эса 139 минг тоннага етган. Жорий йилда Арнасой, Ғарбий Қизилқоқ, Жанубий Жонгелди ва Шарқий Ағрон конларини ўзлаштиришни бошлаш режалаштирилган.

Хомашё қазиб олиш ҳажмининг ортиши муносабати билан уни қайта ишлаш қувватларини ҳам кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда уранни қайта ишлаш корхоналарини сулфат кислотаси ҳамда уни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган техник олтингугурт билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди.

Йиғилишда соҳадаги лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини босқичма-босқич ошириш ҳамда иқтисодий самарадорликни кучайтириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид