Жаҳон | 20:39 / 04.02.2026
6847
3 дақиқада ўқилади

Россияда чумчуқлар рўйхатдан ўтказилади

Чумчуқларни рўйхатга олиш ҳар йили икки мавсумда - февраль ва август ойларининг иккинчи ва учинчи дам олиш кунларида ўтказилади.

Фото: РИА Новости

7-15 февраль кунлари Россия бўйлаб чумчуқларни рўйхатдан ўтказиш жараёни бўлиб ўтади, деб хабар берди «РИА Новости» Россия қушларни муҳофаза қилиш иттифоқи ва Россиянинг қанотли йиртқичларни ўрганиш ва муҳофаза қилиш тармоғи аъзоси Анна Мостоваяга таяниб.

Унинг сўзларига кўра, чумчуқларни рўйхатга олиш ҳар йили икки мавсумда - февраль ва август ойларининг иккинчи ва учинчи дам олиш кунларида ўтказилади.

«Февраль ойида чумчуқларни буталарда санаш қулай, чунки айнан шу даврда улар баланд овозда чирқиллайди ва ҳали кўпайишга киришмаган бўлади», деб аниқлик киритди Мостовая. Рўйхатга олишда уй чумчуғи ва дала чумчуғи ҳисобга олинади.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, кўплаб мамлакатларда чумчуқлар сонининг кескин камайиши кузатилган. Россияда ҳозирча бундай баҳо бериш қийин, чунки бунинг учун 10-15 йил мониторинг қилиш зарур.

«Турларнинг яшаш жойларига асосли таъсир кўрсатиш ва чумчуқларни озиқлантиришни ташкил этишда ифодаланадиган инсоний ғамхўрлик, меҳр-муҳаббат, ҳамдардликсиз қушлар яшай олмаслиги аниқ. Эслатиб ўтамиз, чумчуқлар рационининг асоси тариқ ёки сули (яъни қобиқсиз тариқ) ҳисобланади. Совуқ кунларда чумчуқлар қовурилмаган тузсиз кунгабоқар уруғларини севиб истеъмол қилади, қаттиқ совуқларда эса қишда одамлар турар жойига яқинроқ учиб келадиган бошқа кўплаб қушлар каби ёғдан ҳам воз кечмайди», деб эслатди эксперт.

Чумчуқларни санашда ҳамма иштирок этиши мумкин: кузатувлар сайрларда олиб борилади, маълумотлар (қушлар сони, фотосуратлар, координаталар) акция сайти/иловаси орқали юкланади.

Чумчуқларни рўйхатга олиш – ягона мисол эмас. Бутун дунёда мунтазам равишда оддий одамлар иштирокида ҳайвонларнинг оммавий рўйхатга олиш жараёни ўтказилади. Масалан, ҳар йили февралда дунё бўйлаб одамлар ҳовли ва боғларда қушларни санайди. Куз ойлари Европа бўйлаб учиб ўтувчи қушлар саналади. Россия қушларни муҳофаза қилиш иттифоқи ўрдаклар, ғозлар, турналар, йиртқич қушлар ва бошқаларни ҳисобга олади. Россияда буғулар, тўнғизлар, бўрилар, тулкилар қордаги изларига қараб саналади. Самолёт ва дронлардан (айниқса океанларда) китлар ва дельфинлар саналади. АҚШ ва Европада капалаклар рўйхатга олинади. Буларнинг барчаси ҳайвонлар сонининг қисқараётганини эрта аниқлаш, шаҳарлар экологияси ҳақида тушунчага эга бўлиш, табиатни муҳофаза қилишни режалаштириш, катта харажатларсиз илмий маълумотлар тўплаш, оддий одамларни илм-фанга жалб қилиш учун зарурлиги таъкидланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид