Иқтисодиёт | 14:02 / 05.02.2026
2934
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада 4,2 млрд долларлик лойиҳалар ишга туширилади

4 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда жорий йилда ҳудудда умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни ишга тушириш режалари муҳокама қилинди. Лойиҳалар саноат, қишлоқ хўжалиги, сервис ва туризм соҳаларини қамраб олади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда қайд этилганидек, Фарғона вилоятида инвестиция ва экспорт ҳажмларини изчил ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига манзилли ёндашиш талаб этилади. Шу мақсадда вилоят учун умумий қиймати 8,2 миллиард доллар бўлган янги йирик лойиҳалар пакети шакллантирилган.

Маълум қилинган режаларга кўра, жорий йилнинг ўзида 4,2 миллиард долларлик лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Уларнинг таркибида: 2,7 миллиард доллар — саноат соҳасига, 210 миллион доллар — қишлоқ хўжалигига, 1,2 миллиард доллар — сервис ва туризм йўналишларига тўғри келади.

Шунингдек, саноат мақсадлари учун ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, ўтган йилларда саноат учун ажратилган 2 115 гектар ернинг 40 фоизи ҳали аукционга чиқарилмагани қайд этилди. Шу боис қўшимча ер ажратишдан олдин мавжуд бўш ерлар инфратузилмасини яхшилаш ва тадбиркорларга таклиф этиш орқали лойиҳаларни жойлаштириш самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида давлат раҳбари ҳар бир лойиҳани аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини ошириш билан боғлаб амалга ошириш, белгиланган вазифалар ижроси учун мутасаддиларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш бўйича топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид