Жаҳон | 15:20 / 05.02.2026
1213
1 дақиқада ўқилади

Россия МСК: Давлат думасига сайловлар 20 сентябрда бўлиб ўтади

Россия Марказий сайлов комиссияси (МСК) Давлат думасининг тўққизинчи чақириғига сайловлар ўтказиладиган санани эълон қилди — 2026 йил 20 сентябр. Бу ҳақда МСК чоршанба куни, 4 февралда маълум қилди.

Фото: Sergei Fadeichev/dpa/TASS

Янги думанинг ваколати беш йил давом этади — 2031 йил сентябригача. Сайловларда илк бор Украинанинг оккупация қилинган Донецк, Луханск, Запорижжя ва Херсон вилоятлари аҳолиси иштирок этиши мумкин бўлади. Россия уларни 2022 йил сентябрида қўшиб олган. РФ парламентига сайловлар Россия томонидан қўшиб олинган Украина яримороли — Қримда ҳам ўтказилади.

РФ Давлат думасидаги депутатлар умумий сони ўзгармайди — 450 нафар бўлиб қолади. Уларнинг ярми партия рўйхатлари бўйича, иккинчи ярми эса бир мандатли округлар бўйича сайланади.

Оккупация қилинган “янги ҳудудлар” аҳолисининг сайловларда иштирок этиши фонида РФ ҳокимияти 2025 йил май ойида сайлов округлари чегараларини қайта кўриб чиққан. “ДХР”га учта бир мандатли округ, “ЛХР”га иккита, Херсон ва Запорижжя вилоятларига эса биттадан бир мандатли округ ажратилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид