Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Солиқ қўмитаси ҚҚСга автоматик ўтказиш тартибини тушунтирди
Айрим якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) йиллик айланмаси 1 млрд сўмга етмаган ҳолда ҚҚС тўловчиси сифатида автоматик рўйхатга олинаётгани ҳақидаги мурожаатларга Солиқ қўмитаси изоҳ берди. Қўмитага кўра, бу тартиб Солиқ кодексининг 462-моддаси 8-қисмига асосан амалга оширилмоқда.
Фото: ДСҚ
Қайд этилишича, янги рўйхатдан ўтган юридик шахс, ЯТТ ёки ўзини ўзи банд қилган шахснинг товарлар (хизматлар) реализациясидан олган даромади белгиланган назорат суммасидан ошса, у рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Назорат суммаси қуйидаги формула асосида аниқланади: 1 млрд сўм : 365 кун × (рўйхатдан ўтилган санадан йил охиригача бўлган кунлар сони).
Мисоллар:
🔹 1-мисол: ЯТТ 2025 йил 1 октябрда рўйхатдан ўтиб, йил охиригача 300 млн сўм даромад олган. Назорат суммаси: 1 000 000 000 : 365 × (31+30+31) = 252,05 млн сўм. 300 млн сўм ушбу кўрсаткичдан юқори бўлгани учун тадбиркор 2026 йил 1 январдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
🔹 2-мисол: ЯТТ 2025 йил 1 ноябрда рўйхатдан ўтиб, йил охиригача 150 млн сўм даромад олган. Назорат суммаси: 1 000 000 000 : 365 × (30+31) = 167,12 млн сўм. 150 млн сўм назорат кўрсаткичидан кам бўлгани сабабли, ҚҚС ва фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келмайди.
Солиқ қўмитаси маълум қилишича, мазкур нормага асосан 2026 йил 1 январдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтказилган тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинетларига тегишли хабарномалар юборилган.