Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари: “Биз — тирик қолиш режимидамиз”
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) етарлича молиялаштирилмаяпти ва ўз миссиялари сонини анча қисқартирди, деди Фолкер Турк. Молиявий муаммолар ҳақида БМТ бош котиби ҳам олдиндан огоҳлантирган эди.
Фото: REUTERS
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) маблағ етишмаслиги сабаб “тирик қолиш режими”да ишламоқда. Бундай баёнот билан ушбу БМТ агентлиги раҳбари Фолкер Турк пайшанба, 5 феврал куни чиқиш қилди.
Туркнинг айтишича, 2025 йилда инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиш бўйича миссиялар сони 2024 йилга нисбатан икки баробардан кўпроққа қисқарган. “Биз 17 та мамлакатдаги иштирокимизни қисқартирдик”, — деб қўшимча қилди БМТ вакили. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, 2025 йилда 87 давлатда 5000 тадан ортиқ мониторинг миссиясини ўтказиш ва қийноқлар ҳамда замонавий қуллик шаклларидан жабрланган 67 минг қурбонга ёрдам беришга муваффақ бўлинган.
Ўтган йили ИҲОКБ ўз бюджети ҳажмини 246 млн АҚШ доллари (тахминан 208,5 млн евро) деб баҳолаган, аммо амалда фақат 191,5 млн доллар олган. Бундан ташқари, агентлик жами 500 млн доллар миқдорида бадаллар йиғишга чақирган, бироқ тахминан 260 млн долларгина тушган, деди Турк. Унинг таъкидлашича, ИҲОКБ анчадан бери етарлича молиялаштирилмай келмоқда ва ўз вазифаларини “босим остида” бажаряпти.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари 2026 йил учун ихтиёрий бадаллардан керак бўладиган маблағни 400 млн доллар (340 млн евро ) деб баҳолади. Унинг тушунтиришича, бу пул “шу ўта муҳим пайтда” фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, маданий ва иқтисодий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш имконини беради.
Турк таъкидлашича, агентлик “ваҳшийликлар ҳақида ишончли деб ҳисоблаш мумкин бўлган ахборотни” ҳамда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ривожи ҳақидаги маълумотларни “ҳақиқат дезинформация ва цензура билан емирилаётган бир пайтда” очиқ эълон қилади. Молиялаштиришнинг қисқариши инсон ҳуқуқларини бузувчиларга ҳаракат эркинлигини беради, деди БМТ вакили.
Бир неча кун олдин БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам ташкилотда молиявий инқироз хавфи ҳақида огоҳлантирган эди. У давлатларни бадаллар бўйича қарзларини тўлашга чақирган.
БМТ бир неча йилдан бери молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда, чунки айрим аъзо давлатлар мажбурий бадалларни тўлиқ миқдорда ёки ўз вақтида тўламайди. Хусусан, анъанавий равишда энг кўп маблағ киритиб келган АҚШ Доналд Трамп президентликка қайтганидан сўнг БМТ агентликларига тўловларни сезиларли даражада қисқартирган.
Мавзуга оид
22:43 / 30.01.2026
БМТ «муқаррар молиявий инқироз» хавфи остида экани маълум бўлди
21:10 / 21.01.2026
БМТ «глобал сув банкротлиги» даври бошланганини эълон қилди
22:38 / 20.01.2026
Исроил БМТ Фаластин қочқинларига ёрдам агентлиги қароргоҳини бузиб ташлади
15:27 / 14.01.2026