Жаҳон | 22:37 / 07.02.2026
861
4 дақиқада ўқилади

Янги авлоднинг ақлий салоҳияти ота-оналариникидан паст – нейробиолог

Зумерларда диққатни жамлаш, хотира, ўқиш ва математика кўникмалари, муаммоларни ечиш қобилияти ҳамда умумий IQ даражаси бўйича пасайиш намоён бўлган.

Фото: Getty images

Z авлоди (зумерлар) ота-оналарига нисбатан камроқ интеллектуал салоҳиятга эга, деди нейробиолог Жаред Куни Хорват.

Унинг таъкидлашича, 1997 йилдан 2010 йилгача туғилган авлод мактабларда рақамли технологияларга ҳаддан ташқари таяниб қолгани сабабли когнитив жиҳатдан тўхтаб қолган.

Когнитив ривожланиш бўйича маълумотлар 1800 йил охирларидан бошлаб юритиб келинади ва айнан Z авлоди тарихда илк бор ўзидан олдинги авлодга нисбатан паст натижаларни кўрсатди. Уларда диққатни жамлаш, хотира, ўқиш ва математика кўникмалари, муаммоларни ечиш қобилияти ҳамда умумий IQ даражаси бўйича пасайиш намоён бўлган.

Хорватнинг АҚШ Сенати Савдо, фан ва транспорт қўмитасига маълум қилишича, Z авлоди вакиллари XX асрдаги болаларга нисбатан мактабда кўпроқ вақт ўтказишига қарамасдан, интеллектуал даражаси пасайган.

Унинг таъкидлашича, бунинг сабаби таълимда «таълим технологиялари» ёки EdTech деб аталувчи компютер ва планшетлар орқали ўқитиш ҳажмининг кескин ошганидир.

Нейробиологнинг сўзларига кўра, инсон мияси катта китоблар ва мураккаб ғояларни қисқача ифодаловчи лаҳзалик видеолар ёки жумлалар орқали ўрганишга мослашмаган.

«Ўсмир уйғоқ бўлган вақтининг ярмидан кўпини экранга тикилиб ўтказади. Аслида инсонлар биологик жиҳатдан бошқа инсонлардан ва чуқур ўрганиш орқали билим олишга «дастурланган»», — дейди Хорват.

Хорват ва Конгрессда чиқиш қилган бошқа мутахассисларнинг айтишича, инсон эволюция жараёнида энг яхши билимни жонли, юзма-юз мулоқот — ўқитувчилар ва тенгдошлар орқали олишга мослашган, экранлар орқали эмас.

Унинг қўшимча қилишича, экранлар чуқур англаш, хотира ва диққатни шакллантирадиган табиий биологик жараёнларни бузади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, муаммо технологияларнинг нотўғри жорий этилишида ёки дастурларнинг сифатсизлигида эмас. Аксинча, технологиянинг ўзи инсон миясининг табиий ишлаш, ривожланиш ва ахборотни сақлаб қолиш усулига мос келмайди.

Хорватнинг таъкидлашича, сўнгги маълумотлар когнитив қобилиятлар тахминан 2010-йиллардан бошлаб ривожланишдан тўхтагани ва ҳатто пасайганини яққол кўрсатади.

У сенаторларга мактаблар ўша йилларда деярли ўзгармагани, инсон биологияси эса бу қадар тез ўзгариши мумкин эмаслигини айтди.

«Жавоб, эҳтимол, мактаб ичида қўлланаётган воситалардадир. Маълумотларга қаралса, давлатлар мактабларда рақамли технологияларни кенг жорий этиши билан таълим натижалари сезиларли даражада пасая бошлаган», — деди у.

У АҚШ бу муаммога дуч келган ягона мамлакат эмаслигини таъкидлаб, тадқиқоти 80 та давлатни қамраб олгани ва мактабларга технологиялар кириб келиши билан таълим натижалари ёмонлашиб бораётганини билдирди.

Хорватнинг таъкидлашича, кўплаб ўсмирлар ва ёшлар бу муаммони англамайди ва ҳатто ўз «ақли» билан фахрланади.

«Бу ёшларнинг аксарияти ўзини жуда ақлли деб ҳисоблайди. Инсон ўзини қанчалик ақлли деб ўйласа, аслида ақли шунчалик паст бўлади», — деди у.

Унинг айтишича, Z авлоди TikTok каби платформаларда қисқа матнлар ва видеолар орқали ахборот олишга ўрганиб қолгани сабабли мактаблар ҳам уларни шу услубда ўқитишга мажбур бўлган.

«Болалар компютерда нима қилади? Шунчаки кўз югуртиради. Болаларимиздан нима кутишни белгилаб, таълимни шу мақсадга мослаш ўрнига, таълимни қурилмаларга мослаяпмиз. Бу ўсиш эмас, бу таслим бўлиш», — дея огоҳлантирди Хорват.

Январ ойидаги эшитувларда қатнашган таълим мутахассислари болаларнинг смартфондан фойдаланишни бошлашини кечиктириш, зарур бўлганда уларга тугмали телефонлар бериш ва мактабларда технологиядан фойдаланишни чеклашни меъёрга айлантиришни таклиф қилишди.

Айни пайтда Ҳиндистонда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича чақириқлар кучаймоқда, Испания ҳукумати 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

Австралия эса 16 ёшгача бўлган болалар учун аксарият ижтимоий тармоқларни тақиқлаган дунёдаги илк давлатга айланди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид