Жаҳон | 15:33
386
4 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича чақириқлар кучаймоқда

Ҳиндистонда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш масаласи тобора долзарб мавзуга айланмоқда. Бир қатор штатлар вазирлари Австралияда яқинда кучга кирган қонунни ўрганаётганини билдирган.

Фото: Getty Imagеs

Жанубий Ҳиндистоннинг камида икки штати вазирлари болаларни ижтимоий тармоқлардан узоқлаштиришда тақиқ самарали бўладими-йўқми, шуни таҳлил қилаётганини айтган.

Ўтган ҳафта эълон қилинган Иқтисодий шарҳ (Economic Survey) — мамлакат бош иқтисодий маслаҳатчиси бошчилигидаги гуруҳ тайёрлайдиган йиллик ҳужжат — федерал ҳукуматга болалар учун ёшга доир чекловларни кўриб чиқишни тавсия қилди. Бу тавсиялар мажбурий эмас, аммо давлат сиёсатига таъсир кўрсатиши мумкин.

Бироқ мутахассислар бундай тақиқни амалга ошириш Ҳиндистонда осон бўлмаслиги ва у ҳуқуқий низоларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Яқинда Австралия 16 ёшгача бўлган болалар учун аксарият ижтимоий тармоқларни тақиқлаган дунёдаги илк давлатга айланди. Қонун платформаларни фойдаланувчилар ёшини текшириш ва ёшга етмаганлар ҳисобларини ўчиришга мажбур қилади.

Бу қарор ижтимоий тармоқлар томонидан танқид қилинди. Австралия интернет-регулятори BBC’га айтишича, компаниялар бу тартибга “жуда истамай” рози бўлган.

Францияда ҳам 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқловчи қонун лойиҳаси қуйи палатада маъқулланган, аммо Сенат тасдиғи керак. Буюк Британия ҳам шундай чорани кўриб чиқмоқда.

Андҳра-Прадеш штатидаги ҳукмрон партия ва бош вазир Нарендра Модининг федерал коалициясига кирувчи Телугу Десам партияси депутати Девараялу 16 ёшгача бўлган болаларни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдан маҳрум этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини таклиф қилди. Бу хусусий аъзо ташаббуси бўлиб, ҳукумат сиёсатини акс эттирмайди ва қонунга айланиши эҳтимоли паст, аммо парламент муҳокамаларига таъсир кўрсатиши мумкин.

Андҳра-Прадеш ҳукумати глобал тартибга солиш моделларини ўрганиш учун вазирлар гуруҳини тузди ва Meta, X, Google ҳамда ShareChat каби платформаларни маслаҳатлашувга таклиф қилди. Компаниялар бу таклифга ҳозирча изоҳ бермаган.

Штат ахборот технологиялари вазири Нара Локеш болалар “ижтимоий тармоқлардан чексиз фойдаланишга берилиб кетаётгани”, бу эса уларнинг диққати ва таълимига салбий таъсир қилаётганини айтди. У ижтимоий тармоқларни айниқса аёллар ва болалар учун хавфсизроқ қилиш ниятида эканини билдирди.

Гоа штати ҳам шундай чораларни кўриб чиқмоқда. Карнатака штатида эса рақамли гигиена ва “рақамли детокс” дастури доирасида 300 мингга яқин ўқувчи ва 100 минг ўқитувчи жалб этилган.

Мутахассислар таъкидлашича, штат даражасида тақиқ жорий этиш мураккаб бўлади. Рақамли ҳуқуқлар фаоли Никхил Пахва айтишича, IP-манзиллар орқали жойлашувни аниқлаш ҳар доим ҳам аниқ ишламайди. Агар бир штат тақиқ жорий этса, бошқаси жорий этмаса, низолар юзага келиши мумкин.

Ёшни текшириш масаласи ҳам мураккаб. “Компаниялар интернетдаги ҳар бир хизматдан фойдаланувчи ҳар бир шахсни текширишига тўғри келади”, — дейди Пахва.

Ҳатто Австралияда ҳам айрим болалар тақиқни айланиб ўтиш учун сохта туғилган сана билан янги аккаунт очаётгани маълум.

Тадқиқотларга кўра, Ҳиндистонда кўплаб болалар аккаунтларни оила аъзолари ёрдамида очади ва улар шахсий электрон почтага боғланмаган бўлади. Бу эса ёшни аниқлаш тизимларини янада мураккаблаштиради.

Айрим ота-оналар бундай тақиқни қўллаб-қувватласа, бошқалар муаммо чуқурроқ эканини айтмоқда.

Деҳлида яшовчи, икки қизнинг отаси Житендер Ядав шундай дейди: “Ота-оналар ўзлари болаларга етарлича вақт ажратмайди ва уларни овутиш учун телефон беради — муаммо шу ердан бошланади”.

Унинг фикрича, ота-оналар болалар билан кўпроқ вақт ўтказмаса ёки уларни ижодий машғулотларга жалб қилмаса, болалар ҳар қандай тақиқни айланиб ўтиш йўлини топади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид