Жаҳон | 09:34
772
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Мудофаа вазирлиги Ҳарвард билан илмий ҳамкорликни тўхтатмоқда

“Ҳарвард воукизмни қўллаб-қувватлайди, уруш вазирлиги эса — йўқ”, — деди Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет. Унинг айтишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги Ҳарвард билан таълим соҳасидаги ҳамкорликни тўхтатади.

Фото: Shutterstock

АҚШ Мудофаа вазирлиги Ҳарвард университети билан илмий ва таълимий ҳамкорликни тўхтатмоқда. Бу ҳақда Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет шанба куни, 7 февралда, X микроблогида маълум қилди.

У бу қарорни шундай изоҳлади: “Ҳарвард воукизмни бўлишади (қўллаб-қувватлайди), уруш вазирлиги эса (АҚШ Мудофаа вазирлигининг муқобил номи, Доналд Трамп маъмурияти муомалага киритган — таҳр.) — йўқ”.

AFP агентлиги эслатишича, ўтган йилдан бери Ҳарвард ва АҚШнинг бошқа элита университетлари президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан кучли босимни ҳис қилмоқда: маъмурият уларни “сўл идеологияга ортиқча мойиллик”да айблайди.

“Жуда узоқ вақт давомида бу вазирлик (АҚШ Мудофаа вазирлиги — таҳр.) Ҳарвардга ўзининг энг яхши ва энг ақлли офицерларини юборди — бу университет ҳарбийларимизни яхшироқ тушунади, деган умидда. Бироқ, аксинча, кўп офицерлар глобалистик ва радикал идеология билан тўлиб-тошган ҳолда қайтди — бу эса қўшинларимизга фойда бермади”, — деди Ҳегсет.

Маълум қилинишича, Пентагоннинг Ҳарвард билан ҳамкорлиги 2026-2027 ўқув йили бошланишигача тўлиқ тўхтатилади. Шунинг учун ҳозир у ерда таълим олаётган ҳарбий хизматчилар курсни тугатишга улгуради.

Шу пайтгача АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларни ҳарбий фанлар соҳасида таълим олиши учун стипендиялар ва бошқа дастурлар орқали Ҳарвардга юбориб келган. Ҳегсетнинг айтишича, Мудофаа вазирлиги “Айви лига”сига (Ivy League) кирувчи бошқа университетлар билан ҳам ҳамкорлик қанчалик мақбул эканини қайта кўриб чиқади. Гап АҚШда халқаро илмий мукофотларга бой, айниқса нуфузли ва молиявий жиҳатдан кучли университетлар ҳақида бормоқда. Улар қаторига, жумладан, Принстон ва Йел университетлари ҳам киради.

Ҳозирда АҚШ ҳукумати ва Ҳарвард университети музлатиб қўйилган тадқиқот грантлари масаласи бўйича судлашмоқда. 1 феврал куни АҚШ ҳукумати олийгоҳдан 1 млрд доллар миқдорида “етказилган зарар учун компенсация” тўлашни талаб қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид