Жаҳон | 17:38 / 09.02.2026
10184
3 дақиқада ўқилади

«Бишкеклик маняк» тергов изолятори камерасида жонсиз ҳолда топилди

2025 йил сентябр ойида 17 ёшли Айсулуу Мукашеванинг зўрланиши ва ўлдирилиши ортидан ҳибсга олинган Қумарбек Абдиров тергов камерасида ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда. Мудҳиш қотиллик қирғизистонликларни ларзага солган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Қотиллик ортидан президент Садир Жапаров бундай жиноятни содир қилганлар учун ўлим жазосини тиклашни таклиф қилди.

Фото: ЭлТР

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги 1-тергов ҳибсхонаси камерасида «бишкеклик маняк» лақаби билан танилган Қумарбек Абдиров ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Жазони ижро этиш давлат хизмати (ЖИЭДХ) 41 ёшли айбланувчининг вафот этганини тасдиқлади. Жасад 7 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 12:30 да топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, маҳбус ўз жонига қасд қилган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Қумарбек Абдиров 2025 йил сентябр ойида 17 ёшли Айсулуу Мукашевани ўлдирганликда айбланиб, қўлга олинган эди. Иш шу қадар шов-шувга сабаб бўлдики, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўлим жазосини қайтаришни буюрди.

Айсулуу Мукашева

Сўроқларда Абдиров бир неча аёлни зўрлагани ва ўлдирганини тан олди.

Абдировнинг тирик қолган қурбонларидан бири сўроқ пайтида унинг сўзларини эслади: «Қандай қилиб арқонни ечдинг? Сендан олдин ҳеч ким эплай олмаган». Бу сўзлар терговчиларни жиноятчи аввал ҳам зўравонлик қилган, деган тахминга олиб келди. Маълум бўлишича, Абдиров такси ҳайдовчиси сифатида ишлаб, аёлларни асосан тоғли ҳудудларда ва шаҳар чеккаларида ўлдирган.

2016 йилда суд «бишкеклик маняк»ни қотилликка уринишда айблаб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилди, кейинроқ муддат 7 йилга қисқартирилди. 2018 йилда у колониядан муддатидан илгари озод қилинди.

2025 йил сентябр ойи охирида 17 ёшли Айсулуу Мукашеванинг зўрланиши ва ўлдирилиши ортидан Қумарбек Абдиров яна ҳибсга олинди. Ҳодиса қирғизистонликларни ларзага солди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Қотиллик ортидан президент Садир Жапаров бундай жиноятни содир қилганлар учун ўлим жазосини тиклашни таклиф қилди. Кейинчалик, Қирғизистон президенти маъмурияти ўлим жазосини қайтариш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Бироқ, Қирғизистон Конституциявий суди 2025 йил 10 декабрда Конституцияга ўзгартириш киритиш орқали ўлим жазосини тиклашни номақбул ва юридик жиҳатдан имконсиз деб топди, чунки бу «Конституция ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зиддир».

Абдировнинг қўлга олиниши уни аввалги жинояти учун нега атиги 2 йил қамоқда ўтиргани ҳақидаги саволларни келтириб чиқарди. Суриштирувдан сўнг, Бишкек шаҳар судининг уч нафар собиқ судяси ва прокурор ҳибсга олинди, айнан уларнинг қарори билан жиноятчининг жазоси енгиллаштирилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид