Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Одессага ҳужум: бир киши ҳалок бўлди, газ қувури шикастланди
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 9 февралга ўтар кечаси Одессага учувчисиз учиш аппаратлари билан қилинган ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, турар жойлар ва газ қувури шикастланган. Қайд этилишича, оммавий ҳужум фақат шаҳарнинг ўзига эмас, балки вилоятга ҳам тўғри келган.
Фото: Telegram / odesaMVA
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак хабар беришича, Россия душанбага ўтар кечаси, 9 февралда Одессага дронлар билан ҳужум қилган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, турар жой бинолари ва газ қувури шикастланган.
“Хусусан, кўп қаватли уй томида ёнғин чиқди, газ қувури шикастланди, шунингдек енгил автомобиллар ва яшаш учун мўлжалланмаган бир иншоот ёнгани қайд этилди”, — деб ёзди Лисак ўзининг Telegram каналида. Турар жой инфратузилмасига етган зарар ҳақида вилоят давлат маъмурияти раҳбари Олег Кипер ҳам ўз Telegram каналида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, оммавий ҳужум фақат шаҳарга эмас, балки бутун вилоятга ҳам йўналтирилган.
Украина томони маълумотларига кўра, ўтган кеча Россия армияси Курск, Орёл, Брянск, Приморско-Ахтарск ва Шаталово томонларидан Shahed туридаги 101 та зарбали дрон, “Гербера”, “Италмас” ҳамда бошқа турдаги учувчисиз аппаратлар билан Украинага ҳужум қилган.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият Краматорскка (Донецк вилояти) авиабомба ташлангани ҳақида хабар берди: натижада 77 ёшли аёл ҳалок бўлган, 40–48 ёшдаги яна уч нафар эркак яраланган. Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти маълум қилишича эса, Херсоннинг марказий қисми ва Корабелний тумани реактив ялпи ўт очиш тизимларидан ўққа тутилган.
Умуман олганда, Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, бир ҳафта ичида РФ мамлакатга 116 та ракета, 1200 та бошқариладиган авиабомба ва 2000 тадан ортиқ дрон қўллаган ҳолда ҳужум қилган. “Деярли ҳар куни улар (РФ ҚК — таҳр.) энергетикага, логистика инфратузилмасига, турар жойларга зарба беради. Ва бу тинчлик йўлида дипломатик иш олиб борилаётган пайтда ҳам давом этмоқда”, — деди давлат раҳбари.
Украинанинг чегарадош Белгороддаги энергетика объектларига қилган ҳужумлари ва улар сабаб иситиш тизимида муаммолар келиб чиққани фонида Россия шаҳри ҳокимияти эвакуация учун аризалар қабул қилиш бошланганини эълон қилди. Мактаб ёшидаги болалар, шунингдек кўп болали оилалар, ногирон болали оилалар ва ёлғиз яшовчи кекса пенсионерларни Россиянинг бошқа ҳудудларига ҳамда қўшиб олинган Қримга кўчириб ўтиш таклиф қилинмоқда.