Жаҳон | 12:36 / 09.02.2026
3056
3 дақиқада ўқилади

Россия кечаси Украинага 100 тадан ортиқ дрон билан ҳужум қилди

Россия қўшинлари Краматорскка авиабомба ташлади ва Херсонга реактив ялпи ўт очиш тизимларидан зарба берди. Полтава вилоятида “Нафтогаз” объектлари ҳужумга учради. Одессада саноат объекти шикастланди. Лвивда портлашлар ҳақида хабар берилди.

Фото: Jose Colon / Anadolu Agency

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Telegram-каналида маълум қилишича, Россия Қуролли кучлари якшанбага ўтар кечаси, 8 февралда Украинага Shahed туридаги 101 та зарбали дрон, “Гербера”, “Италмас” ҳамда бошқа турдаги учувчисиз аппаратлар билан ҳужум қилган. Дронлар Россия ҳудудидаги Курск, Орёл, Брянск, Приморско-Ахтарск ва Шаталово томонларидан учирилган.

Ҳаво мудофааси мамлакатнинг шимол, жануб ва шарқида 69 та дронни уриб туширган ёки (электрон воситалар орқали) ишдан чиқарган. 13 та жойда 32 та ҳужумкор дроннинг нишонга теккани, шунингдек 1 та жойда парчалар тушгани қайд этилди.

Зарбалар Харкив вилоятидан тортиб Лвив вилоятигача бўлган кўплаб ҳудудларга тўғри келган.

Донецк вилояти прокуратураси Facebook’да хабар беришича, РФ ҚК соат 05:00 да Краматорскка режалаштириш ва тўғрилаш учун ягона модул билан жиҳозланган ФАБ-250 авиабомбасини ташлаган. У кўп қаватли турар жой уйи ёнида портлаган. Натижада 77 ёшли аёл ҳалок бўлган. 40, 46 ва 48 ёшдаги уч нафар эркакда жароҳатлар, контузия ва кесилган яралар қайд этилган. 11 та кўп қаватли уй ва автомобиллар шикастланган. Прокуратура ҳарбий жиноят аломатлари бўйича терговга қадар текширув бошланганини билдирди.

Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, Херсоннинг марказий қисми ва Корабельний тумани реактив ялпи ўт очиш тизимларидан ўққа тутилган. Уйлар, дўконлар ва умумий овқатланиш муассасалари шикастланган. Саккиз нафар аёл яралангани маълум, баъзиларини қутқарувчилар вайрона остида қолган жойидан чиқаришга мажбур бўлган. Беш нафар аёл амбулатор даволанишни давом эттирмоқда, яна уч нафари тиббиёт муассасасида ётиб даволанмоқда.

Энергетика компанияси Telegram’да хабар беришича, Москва Полтава вилоятидаги “Нафтогаз” объектларига ҳужум қилган. Асбоб-ускуналар вайрон бўлган, жабрланганлар йўқ. Авария гуруҳлари ва техник хизматлар зарба оқибатларини бартараф этмоқда. Оператор қўшимча қилишича, “йил бошидан буён гуруҳ объектларига қилинган мақсадли ҳужумлар сони 19 тага етди”.

Одесса шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак хабар беришича, ҳужум натижасида саноат объекти шикастланган. Портлаш тўлқини диний иншоотдаги ойна-ромларни синдирган. Лисакнинг айтишича, турар жой фондида зарар минимал бўлган ва аллақачон бартараф этилган.

Украинанинг ғарбидаги Лвив шаҳрида портлашлар эшитилганини шаҳар мэри Андрей Садовой маълум қилди. “Лвив — портлашлар эшитиляпти”, — деб ёзди у Telegram’да. Лвив жамоати ҳудудида бир учувчисиз аппарат зарарсизлантирилган. Садовой аниқлаштиришича, ҳужумнинг нишонга олинган мақсади муҳим инфратузилма объекти бўлган, жабрланганлар йўқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид