Жамият | 11:26 / 09.02.2026
1565
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда боғчалардаги “карантин” ҳақидаги хабарлар рад этилди

Тошкент шаҳридаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида гўёки “карантин” жорий этилиши мумкинлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар асоссиз экани маълум қилинди.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси билдиришича, ҳозирги кунда пойтахтда хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, карантин эълон қилинишига сабаб бўладиган ҳолатлар қайд этилмаган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тилга олинаётган қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқа касалликлар бўйича ҳам карантин жорий этишни талаб қиладиган эпидемиологик ҳолат мавжуд эмаслиги таъкидланди.

Қайд этилишича, ҳар йили қишки мавсумда грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатлари аҳоли орасида мавсумий равишда кўпайиши кузатилади. Шу муносабат билан таълим муассасаларида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида эрталабки филтр (саралаш) ишлари — тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бор болаларни вақтинча ажратиш ҳамда ота-оналарга профилактик тавсиялар бериш чоралари амалга оширилади.

Санэпидқўмита мазкур филтр жараёнлари айрим фуқаролар томонидан “карантин” сифатида нотўғри талқин қилинганини қайд этди ҳамда аҳолини тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликка, маълумотларни фақат расмий манбалар орқали текширишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид