Жаҳон | 11:28 / 11.02.2026
3114
2 дақиқада ўқилади

Канадада мактабдаги отишмада ўн киши ҳалок бўлди

Канаданинг Британия Колумбияси провинциясидаги отишма оқибатида 10 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса Тамблер-Риж шаҳридаги ўрта мактабнинг юқори синфларида (senior high school) содир бўлган. Ҳужумда гумон қилинувчининг шахси ҳозирча очиқланмаяпти.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Канада ғарбида жойлашган Британия Колумбияси провинциясидаги Тамблер-Риж шаҳрида ўрта мактабнинг юқори синфида юз берган отишма натижасида ўн киши ҳалок бўлди. Яна 25 киши яраланди, улардан икки нафари оғир аҳволда. Бу ҳақда чоршанба куни, 11 февралда Reuters агентлиги маҳаллий полицияга таяниб хабар берди.

Полиция баёнотига кўра, ҳалок бўлганларнинг олти нафарининг жасади мактаб биноси ичида топилган, яна бир жабрланувчи шифохонага олиб кетилаётган пайтда йўлда вафот этган. CBC телеканали маълумотига кўра, яна икки нафар ҳалок бўлган кишининг жасади “ҳодиса билан боғлиқ жой”да топилган. Ҳужумда гумон қилинаётган шахс ўз жонига қасд қилган.

AFP агентлиги қайд этишича, дастлаб Канада ОАВ ҳужум қилган шахс аёл киши бўлгани ҳақида хабар берган, аммо полиция ҳозирча ҳужумчи ҳақида тафсилотларни очиқламади, бироқ унинг шахси аниқланганини билдирган.

Канада бош вазири Марк Карни ижтимоий тармоқларда отишма ҳақидаги хабарлардан “ҳайрат ва қаттиқ изтиробда” эканини ёзди. “Бу даҳшатли зўравонлик оқибатида яқинларидан айрилган оилалар ва дўстларга энг чуқур ҳамдардлигимни билдираман”, — деб қўшимча қилди сиёсатчи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид