Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кличко: Киевда қарийб 1400 та уй иссиқликсиз қолмоқда
Россия зарбалари оқибатида Дарница ИЭМ шикастлангани сабаб Киевнинг Дарница ва Днипро туманларидаги 1100 та кўп қаватли уйга иссиқликни узатиш имкони йўқ. Яна 200 тадан ортиқ уй турли туманларда иссиқликсиз қолган, деб хабар қилди Виталий Кличко.
Фото: Telegram / vitaliy_klitschko
Киевда 1400 тадан ортиқ турар жой иссиқлик таъминотисиз қолмоқда, деб хабар қилди Украина пойтахти мэри Виталий Кличко сешанба куни, 10 февралда Telegram орқали. “Дарница ИЭМнинг ўта оғир шикастланиши сабаб иссиқлик узатиб бўлмайдиган Дарница ва Днипро туманларида 1100 тадан ортиқ кўп қаватли уй бор. Шунингдек, коммунал хизматлар ва энергетиклар бартараф этаётган авариявий шикастланишлар туфайли турли туманларда яна 200 тадан ортиқ уй иссиқликсиз”, — дея аниқлик киритди у.
Шаҳар раҳбари Киев кенгаши тайёрлаётган қарорни эълон қилди: уруш ҳолати амал қилган даврда ва у бекор қилинган ёки тугатилганидан кейин яна олти ой давомида генераторлар сотиб олиш учун қарзлар ажратиш режалаштирилмоқда. “Киевдаги кўп қаватли уйларнинг аксарияти автоном электр манбаларини тезкор харид қилиш учун етарли ресурсга эга эмас. Шунинг учун кўп квартирали уйлар мулкдорларига молиявий қўллаб-қувватлашнинг соддалаштирилган ва тезкор механизмини жорий этиш ҳақида гап кетяпти. Аниқроғи — Киев шаҳар уй-жой фондини модернизация ва ривожлантириш жамғармаси коммунал корхонаси маблағлари ҳисобидан генератор хариди учун мақсадли фоизсиз қарзлар бериш”, — деб тушунтирди Кличко постида.
Дарница ИЭМ Украина энергетика инфратузилмаси объектларига Россия ҳужуми чоғида, 3 феврал куни, ўта оғир зарар кўрган. Украина ОАВ маълумотларига кўра, уни таъмирлашга камида икки ой керак бўлади. “Українськi Новини” ахборот агентлиги билдиришича, Дарница ИЭМ тикланмагунча Украина пойтахтининг Дарница ва Днипро туманларидаги 1126 та уйда иссиқлик таъминотини қайта тиклашнинг иложи бўлмайди.
Қишки совуқлар фонида Россия деярли ҳар куни Украинанинг энергетика инфратузилмаси объектларига зарба бермоқда. Шу сабаб бир қатор шаҳарларда вазият ўта жиддий тус олган. Хусусан, 7 феврал куни Украина энергетика компанияси ДТЭК Киевда электр таъминоти кунига атиги 1,5–2 соатга берилаётганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Украина РФнинг чегарадош Белгород вилояти энергетика инфратузилмасига жавоб зарбалари бермоқда. Бу фонда Белгородда иситиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган. 8 феврал куни вилоят губернатори Вячеслав Гладков 455 та кўп квартирали уйда иситиш тизимидаги сувни тўкиб ташлаш зарурлиги ҳақида маълум қилди ва мактаб ёшидаги боласи бор ота-оналарга уларни РФнинг бошқа ҳудудларига ёки қўшиб олинган Қримга юборишни таклиф этди.
Ихтиёрий эвакуация кўп болали оилаларга, ногирон фарзанди бор оилаларга ва ёлғиз яшайдиган пенсионерларга ҳам таклиф этилди. Бироқ эртаси куни, 9 февралда, Гладков “энергетиклар ва иссиқлик таъминоти мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Белгородда иссиқлик қайта тикланди”, деб эълон қилди ва ўзи бир кун олдин айтган аҳоли тоифалари бўйича “шаҳардан ташқарига чиқиш” ҳақидаги қарорларга “бугунги кунда эҳтиёж йўқ”лигини билдирди.
Мавзуга оид
13:57
Ўзбекистон–Россия ҳамкорлигида ядро тиббиёти бўйича стратегия тайёрланади
13:45
“Марказий Осиё бирлашса, у билан ҳисоблаша бошлашади” – иқтисодчилар таҳдидларга қандай жавоб бериш ҳақида
13:24
Россия Славянскка авиабомбалар ташлади: она ва бола ҳалок бўлди
12:05