Ўзбекистон | 11:40
6673
2 дақиқада ўқилади

Учта ҳудудда божхона бошлиқлари пенсияга чиқарилди

Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиқлари ҳамда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари пенсияга кузатилди. Аввалроқ президент танқидидан кейин прокуратура тизимида ҳам ёши катта ходимлардан бир гуруҳи пенсияга чиқарилганди.

Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов лавозимини тарк этди, у пенсияга кузатилган. Ушбу маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Толибжон Саидов 2020 йил сентябр ойидан буён Тошкент шаҳар божхона бошқармасини бошқариб келаётган эди.

Саидов билан бир вақтда Самарқанд вилояти Божхона бошқармаси бошлиғи Ёқуб Мирзараҳимов ва Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Иняминов ҳам истеъфога чиқарилган.

Манбага кўра, тез орада уларни кўп йиллик фаолиятига ҳурмат кўрсатган ҳолда пенсияга кузатиш тадбири ўтказилади.

Ёқуб Мирзараҳимов Самарқанд вилояти Божхона бошқармаси бошлиғи лавозимида 2020 йил ноябр ойидан бери ишлаётганди.
 А.Иняминов / Фото: Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 27 январ кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳуқуқ-тартибот соҳасига ёш ва талабчан раҳбарлар корпуси кераклигини айтганди. Шундан кейин, 7 феврал куни прокуратура тизимида бир гуруҳ ходимлар нафақага кузатилган эди.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев

Мавзуга оид