Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕП Россияни “қишни қуролга айлантириш”да айблади
Европарламентдаги баҳслар вақтида Россия украиналикларга уюштирган ҳужумлар баҳоланди, шунингдек Кремлга қарши янги санкциялар жорий этиш ва Украинага ҲҲМ воситаларини етказиб беришни оширишга чақириқлар янгради. DW репортажи.
Россия қишнинг энг совуқ даврида украин электр станциялари ва бошқа муҳим инфратузилма объектларига ҳужум қилиб, украиналикларнинг қаршилиги ва руҳий матонатини синдиришга уринмоқда. Европанинг бурчи эса — украинларни фақат гуманитар ёрдам билан эмас, балки қурол-яроғ билан ҳам қўллаб-қувватлаш: Украина ҳаво мудофааси имкониятларини кучайтириш, шунингдек Россияга қарши 20-пакет санкцияларни жорий этиш. Сешанба куни, 10 февралда Европарламентда ўтган “Украина энергетика тизимига қилинган ҳужумларга Европа жавоби ва улар келтириб чиқарган гуманитар инқироз” мавзусидаги дебатларнинг асосий хулосаси шу бўлди.
Жаҳон Украина энергетика инфратузилмасига етказилаётган даҳшатли вайронагарчилик тасодиф ёки ҳарбий ҳаракатларнинг ёндош оқибати эмас, балки фуқароларни қоронғилик ва совуққа ғарқ этишга қаратилган тизимли, қасддан қилинган зарбалар эканини кўриб турибди ва яхши тушуниб турибди. Дебатларни очиб берган ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича еврокомиссари Марта Кос шундай деди. Унинг фикрича, Россия гуманитар фалокат яратишга уриниб, қишни қурол сифатида қўлламоқда. Бироқ украинларга қарши содир этилган шафқатсиз жиноятлар оқибатсиз қолмайди ва Европа Россияга босимни кучайтиради, дея ваъда берди еврокомиссар.
Коснинг билдиришича, ЕИ “Украина энергетика тизимини барқарорлаштириш, тиклаш ва интеграция қилиш учун мисли кўрилмаган кўламда қўллаб-қувватлашни сафарбар қилди ва буни ҳар куни давом эттирмоқда”. Унинг сўзларига кўра, 2022 йил февралидан буён ЕИ Украинага 1,3 млрд евро гуманитар ёрдам кўрсатган. “Қўллаб-қувватлаш 2026 йилда ҳам давом этади: дастлаб 153 млн евро ажратилади — 145 млн евро Украина учун ва 8 млн евро Молдова учун”, — деди еврокомиссар. Шунингдек, ЕИнинг Фуқаролик муҳофазаси механизми орқали Украина 11 мингдан ортиқ генератор ва 7 мингдан ортиқ трансформатор олган.
“Бироқ Украина энергетика тизимини ҳақиқий ҳимоя қилиш учун аввало унинг осмонини муҳофаза қилишимиз керак. Бу эса ҳаво мудофааси тизимлари ва ракеталарни зудлик билан етказиб беришни англатади. Аъзо давлатларни кечиктирмасдан ҳаракат қилишга чақирамиз”, — деди Марта Кос.
Яқинда Киевга бориб келган европарламентарийлар гуруҳи ҳамкасблари билан таассуротларини ўртоқлашар экан, немис депутати, социалистлар гуруҳи вакили Тобиас Кремер: “Украина аҳолисига қарши ҳужум ҳақиқий эканини ўз кўзимиз билан кўрдик”, деди. “Жанг майдонида ютолмас экан, у фуқароларни — аёллар, болалар, кексаларни нишонга оляпти, — дея давом этди Кремер. — Ҳозир -27°C ҳароратда украиналиклар иситиш, электр, сувсиз қолмоқда, аммо мен таслим бўлишга тайёр бирорта ҳам украинни учратмадим”.
Литвалик либерал депутат Пятрас Ауштрявичюс қайд этишича, қишнинг энг совуқ ойларида Украина ИЭС ва ИЭМга берилган ракета зарбалари миллий миқёсда гуманитар фалокатни келтириб чиқарган ва ундан юз минглаб украинлар жабр чекмоқда. “Украина энергетика инфратузилмасини йўқ қилаётган Россия инсониятга қарши жиноятлар содир этмоқда — буни махсус трибунал кўриб чиқиши керак”, — деди Ауштрявичюс.
У, шу шароитда, Евроиттифоқ “Украина осмонини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қўллаб-қувватлашни бера олмаганини” тан олишга чақирди. “Нишонга етган ҳар бир ракета ёки дрон — бажарилмаган ваъдалар ҳақида эслатма”, — дея таъкидлади у.
Россия зарбалари Украина энерготизимига етказган вайронагарчилик кўлами улкан, деди Европа халқ партиясидан литвалик депутат Людас Мажилис. Бироқ Европа ҳамкорлари томонидан аллақачон кўрсатилган гуманитар ва молиявий ёрдам етказилган зарарни қоплаш учун етарли эмас.
Мажилис Жаҳон банкининг сўнгги баҳоларини келтириб, Украина энергетика секторига 68 млрд доллар миқдорида зарар етганини айтди. “Нисбат оддий ва шафқатсиз: биз ажратган ҳар бир евро учун Кремл ўнлаб марта кўпроқ нарсани йўқ қилди. Агар ҳозироқ кўпроқ маблағ сафарбар қилинмаса, эртага нархини қимматроқ тўлаймиз — фақат пул билан эмас, инсонлар ҳаёти ва бутун Европанинг хавфсизлиги сусайиши билан ҳам”, — деб огоҳлантирди у.
Дебатлар вақтида ҳатто одатда Россияга нисбатан кескин баёнотлардан қочадиган сўл кучлар депутатлари ҳам Москвага қарши санкциялар орқали босимни оширишга чақирди. Шу сиёсий гуруҳ вакили бўлган швециялик депутат Ли Андерсон бугун “Путин украинларга ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ ҳужум қиляпти”, деб, бунинг мақсади “уларнинг қаршилигини синдириш ва музокараларда ён беришга мажбур қилиш” эканини айтди. У ЕИ РФнинг “соядаги флоти”га қарши янада қатъий санкциялар киритиши, Украинага кўпроқ молиявий ва ҳарбий ёрдам беришини талаб қилди.
Фақат Европарламентдаги ўнг кучлар депутатлари ЕИ раҳбариятини русофобияда айблашда давом этди. “Европа суверен миллатлари” номли ўта ўнг гуруҳдан болгар депутати Петр Волгин “АҚШ ва РФ раҳбарлари урушни тўхтатишга уринган пайтда, Евроиттифоқ уруш тўхтамаслиги учун қўлидан келганини қиляпти”, деди.
Волгиннинг чиқиши залда норозилик чақириқларига сабаб бўлди. Немис депутати, “яшиллар” гуруҳи вакили Дамиан Безелагер эса ҳамкасбларига “холодомор” деган “қора сўз” нима англатишини тушунтирди. “Унинг тўғридан тўғри таржимаси — совуқдан ўлим. Бу — уруш жинояти. Сиз бу ҳақда тарих дарсликларидан билишингиз керак эди, 2026 йилда эмас”, — деди у ва бугун украинлар азият чекаётгани “бомбаларнинг келтириб чиқарган реаллиги” эканини таъкидлади. “Ҳамкасблар, бу холодоморни тўхтатайлик”, — деб якунлади Безелагер.
Мавзуга оид
18:44
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
18:11 / 12.06.2026