Жаҳон | 16:48 / 13.02.2026
1990
2 дақиқада ўқилади

ИИВ: уруш бошланганидан бери Германияга Украинадан 1,2 млн қочқин келди

Германия ИИВ DW сўровига жавобан ГФРда муҳофаза мақомига эга Украинадан тахминан 484 000 эркак борлигини, уларнинг 85 266 нафари 18–26 ёш оралиғида эканини маълум қилди.

Фото: Sebastian Kahnert/dpa/picture alliance

7 феврал ҳолатига кўра, Германиянинг Чет элликлар марказий реестрида (AZR) уруш сабаб Украинадан Германияга келган ва вақтинча ҳимоя асосида яшаш рухсатномаси берилган 1 157 515 нафар инсон рўйхатдан ўтган. Бу ҳақда пайшанба, 12 феврал куни Германия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) DW'га маълум қилди.

Улар орасида тахминан 484 000 нафар эркак (уларнинг 85 266 нафари 18–26 ёшда) ва қарийб 672 000 нафар аёл бор. Умумий соннинг тахминан 305 400 нафари — вояга етмаганлар.

Украина фуқаролари Германияга визасиз кириши ва визасиз ГФР ҳудудида 90 кунгача қолиши мумкин. “Давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар ва Россиянинг давом этаётган ҳужумларини ҳисобга олган ҳолда, яқин келажакда ЕИ ва Германияга қочқинлар оқимининг сезиларли камайишини кутмаслик керак”, — деб таъкидлади ИИВ.

2022 йилдан 2026 йил 31 январгача бўлган даврда Украинадан келган 471 439 нафар киши ГФРни тарк этган ва AZR'да эндиликда қайд этилмайди.

Европа Иттифоқи ҳудудида украин қочқинлар учун вақтинча ҳимоя мақоми 2027 йил мартгача амал қилади. DW сўровига Германия ИИВ жавобида федерал ерларга узоқ муддатли яшаш рухсатномаларини беришга ўтишни тезлаштириш ҳақида илтимос юборилгани айтилган. Умуман олганда, ЕИ мамлакатларида 4,3 млн нафардан зиёд украин қочқин вақтинча ҳимоя топган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид