Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Январда кўчмас мулк бозори фаоллашди: Тошкентда битимлар 33 фоизга ошди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил январ ойи бўйича тақдим этган таҳлилга кўра, республикада уй-жой олди-сотдиси фаоллиги ошган, иккиламчи бозорда нархлар мўътадил ўсган. Тошкентда эса бирламчи бозорда нархлар нисбатан юқори суръатда кўтарилган, ижара сегменти ҳам ижобий динамикани намоён этган.
Фото: Kun.uz
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, январ ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 28,6 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан битимлар сони қарийб 12 фоизга ошган.
Кўчмас мулк савдоларининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда битимлар ҳажми 33,4 фоизга кўпайиб, ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич қайд этилган. Шунингдек, Самарқанд (26 фоиз) ва Сирдарё (24 фоиз) вилоятларида ҳам битимлар сони сезиларли ўсган.
Январ ойида республика миқёсида иккиламчи уй-жой бозорида 1 кв метр учун ўртача нарх ойлик ҳисобда 0,9 фоизга ошган. Йиллик кесимда нархлар ўсиши 8 фоизни ташкил этган.
Энг юқори йиллик ўсиш Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида қайд этилиб, бу ҳудудларда ўртача ўсиш қарийб 24 фоиз бўлган. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида эса нархлар 16 фоизга ошган.
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларда 1 кв метрнинг ўртача нархи тахминан 1120 доллар бўлиб, ойлик ҳисобда 0,6 фоизга ошган. Йиллик ўсиш қарийб 2 фоизни ташкил этган. Иккиламчи сегментда энг юқори ўсиш Яккасарой (5,7 фоиз) ва Миробод (4,3 фоиз) туманларида кузатилган.
Бирламчи бозорда эса нархлар ўсиши нисбатан юқори бўлиб, янги қурилган уй-жойларда 1 кв метрнинг ўртача нархи йиллик ҳисобда 9 фоиздан кўпроққа ошган. Энг юқори ўсиш Миробод (18,4 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (17,3 фоиз) туманларида қайд этилган.
Январда Тошкентда ижаранинг ўртача қиймати 1 кв метр учун 8,8 доллар атрофида бўлиб, ўтган йилга нисбатан 9 фоизга юқори бўлган. Ижара нархларининг энг юқори даражаси Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида сақланиб, бу ҳудудларда ўртача 11 доллар атрофида қайд этилган.
Шу билан бирга, ижара ўсиш суръатларининг жадаллашуви Олмазор, Юнусобод, Яшнобод, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида кўпроқ кузатилиб, ушбу ҳудудларда йиллик ўртача ўсиш қарийб 13 фоизни ташкил этган.
Мавзуга оид
08:37 / 05.02.2026
Кўчмас мулклар оммавий баҳолашдан ўтказилади
21:49 / 20.01.2026
Жойлашув, "планировка" ва сифат: хонадон хариди бўйича мутахассис тавсиялари
18:54 / 10.12.2025
Кўчмас мулк ва қурилиш материаллари учун солиқлар бозор нархида ҳисобланади
14:47 / 09.12.2025