Спорт | 09:36 / 14.02.2026
3284
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик спортчи Олимпиада-2026да олтин медални қўлга киритди

Қозоғистон вакили Михаил Шайдоров жума куни, 13 февралда Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида ўтаётган Олимпиада-2026да эркаклар ўртасида фигурли учиш мусобақасида сенсацион тарзда ғолиб чиқди. Бу — Қозоғистон тарихида фигурли учиш бўйича илк олтин медал. Шунингдек, бу Қозоғистоннинг қишки Олимпиадалар тарихидаги иккинчи олтин медали ҳисобланади.

Фото: Natacha Pisarenko/AP Photo/picture alliance

Шайдоров қисқа дастур (92,94 очко) ва эркин дастурда (198,64 очко) жами бўлиб 291,58 очко тўплади. Қисқа дастурдан кейин у фақат 5-ўринда бораётган, турнирнинг асосий фаворитларини олдинга ўтказиб юборган эди. Кумуш медални япониялик Юма Кагияма (280,06 очко), бронзани эса унинг ҳамюрти Сюн Сато (274,90 очко) қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида якка фигурли учишда асосий фаворит сифатида америкалик, икки карра жаҳон чемпиони Иля Малинин кўрилган. У қисқа дастур якунларига кўра етакчи эди, аммо эркин дастур вақтида икки марта йиқилиб тушди. Натижада Малинин 264,49 очко билан 8-ўринни эгаллади. Россиялик Пётр Гуменник, Миланда нейтрал мақомда иштирок этган ҳолда, 271,21 очко билан 6-ўринни олди.

Михаил Шайдоров 21 ёшда. У — 2025 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби ва Тўрт қитъа чемпионати-2025 ғолиби. Унинг мураббийи — 1994 йил Олимпиада чемпиони Алексей Урманов. Шайдоров мусобақаларда уч карра аксел – тўрт карра тулуп каскадини бажарган тарихдаги биринчи фигурист бўлди.

Бундан олдин Қозоғистоннинг қишки Олимпиадалардаги ягона олтини Лиллехаммер-1994 Олимпиадасида қўлга киритилган — ўшанда чанғичи Владимир Смирнов 50 км масофада классик услубда ғолиб чиққан. Фигурли учишда эса Қозоғистон терма жамоасида Олимпиада бронзаси ҳам бор — уни Денис Тен Сочи-2014да қўлга киритган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид