Жаҳон | 10:47 / 14.02.2026
4279
3 дақиқада ўқилади

Трамп: Зеленский “ҳаракат қилишни бошламаса”, тинчлик имкониятини бой беради

“Россия келишув тузишни хоҳлаяпти”, — деб даъво қилди АҚШ президенти. “Зеленский ҳаракат қилишни бошлаши керак. Акс ҳолда у ажойиб имкониятни қўлдан бой беради”, — деди Доналд Трамп Оқ уйда журналистларга.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина етакчиси Володимир Зеленский “ҳаракат қилишни бошламаса”, тинчликка эришиш имкониятини бой бериши мумкинлигини айтди. АҚШ давлат раҳбари жума куни, 13 февралда Оқ уйда журналистлар билан суҳбатлашди.

“Россия келишув тузишни хоҳлаяпти, Зеленский эса ҳаракат қилишни бошлаши керак. Акс ҳолда у ажойиб имкониятни қўлдан бой беради. У ҳаракат қилиши шарт”, — деб Трамп сўзларини AFP агентлиги келтирди.

Журналистлардан бири Мюнхен хавфсизлик конференциясидаги жаҳон етакчиларига қандай хабар йўлламоқчилиги ҳақида сўраганда, АҚШ президенти шундай жавоб берди: “Ягона хабар шуки, бизда НАТО билан ажойиб муносабатлар бор”.

Доналд Трампнинг талқинича, алянсга аъзо давлатлар раҳбарлари — “барчаси унинг дўстлари”.

АҚШ давлат раҳбари Мюнхендаги хавфсизлик форумида қатнашмаяпти. Бу йил АҚШ делегациясига АҚШ давлат котиби Марко Рубио раҳбарлик қилмоқда, у конференция иштирокчилари олдида 14 феврал куни нутқ сўзлайди.

2025 йилда АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс (Жей Ди Вэнс)нинг 20 дақиқалик чиқиши трансатлантик муносабатлар совишига сабаб бўлган ва Европани хавфсизлик масалаларида Вашингтонга камроқ таянишга ундаган эди.

Мюнхенга учиб кетишидан олдин АҚШ дипломатияси раҳбари Рубио анча хотиржам баёнотлар билан чиққан.

“Европа биз учун муҳим”, — деди АҚШ давлат котиби 13 феврал куни журналистларга. “Қўшма Штатлар Европа билан яқин боғланган, ва келажагимиз ҳар доим боғлиқ бўлган ва шундай бўлиб қолади”, — деб қўшимча қилди у.

62-Мюнхен хавфсизлик конференцияси Бавария пойтахтида 13–15 феврал кунлари бўлиб ўтмоқда. Конференцияда 60 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек тахминан 100 та мамлакат мудофаа вазирлари иштирок этмоқда.

Бундан олдин жума куни, 13 февралда, Россия бошлаган Украинага қарши урушни бартараф этиш бўйича уч томонлама музокараларнинг навбатдаги босқичи ўтказиладиган вақт ва жой маълум бўлди. Кремл маълумотига кўра, Россия, Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги навбатдаги музокаралар 17–18 феврал кунлари Женевада бўлиб ўтиши керак. Украина президенти маъмурияти вакили бу маълумотни тасдиқлади. АҚШ воситачилигида Абу-Дабида бўлиб ўтган олдинги икки раунд музокаралар жиддий бурилиш бермаган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид