Ўзбекистон | 09:04 / 16.02.2026
2060
2 дақиқада ўқилади

Вояга етмаганлар билан профилактика ишлари янгича ташкил этилади

ИИВда ўтган видеоселектор йиғилишида вояга етмаганлар иштирокида ёки уларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар юзасидан профилактик чораларни янги тартибда ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу йўналишда маҳалла, таълим муассасалари ва мутахассислар билан ҳамкорликни кучайтириш вазифаси белгиланди.

Фото: ИИВ

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Рустам Жўраев ҳузурида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ИИВ ЖХД, ҲПХ, ЖТСХ раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБ раҳбарларининг ўринбосарлари иштирок этди.

Йиғилишда йил бошидан буён ҳудудларда содир этилган қотиллик жиноятларининг сабаблари ва омиллари, уларни бартараф этиш борасида кўрилаётган профилактик чора-тадбирлар, шунингдек йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.

Таҳлиллар натижасида шахсга қарши жиноятларнинг салмоқли қисми кечки ва тунги вақтларда яқин қариндошлар ёки танишлар ўртасидаги низолар оқибатида, ўткир тиғли жисмлар ёрдамида содир этилгани қайд этилди. Шу билан бирга, профилактика ишларида маҳалла еттилиги, жамоатчилик вакиллари, таълим муассасалари педагоглари ва ота-оналар, шунингдек олимлар, социологлар ва психологлар билан ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмагани алоҳида таъкидланди.

Айниқса, вояга етмаганлар иштирокида ёки уларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича профилактик чораларни янгича тартибда ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Оилалардаги ижтимоий-маиший муаммоларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, пробация назоратида турган шахслар ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган фуқаролар билан манзилли ишлаш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, шахсга қарши жиноятларнинг барвақт олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида профилактика инспекторлари ва уларнинг раҳбарларига ҳудуд аҳолиси менталитетини инобатга олган ҳолда ҳар бир туман-шаҳар кесимида илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, мутахассислар билан тизимли ҳамкорликни таъминлаш топширилди.

Жамоатчилик, тегишли ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари имкониятларидан кенг фойдаланиш, айниқса аёллар ва болалар билан якка тартибдаги профилактик ишларни янги босқичга олиб чиқиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш чораларини амалга ошириш вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид