Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг Одессага тунги зарбалари: кўп қаватли уйга зарар етди
Россия армияси Украина ҳудудларига дронлар билан оммавий ҳужум қилди. ОАВ Одесса, Днипро ва Суми вилоятида портлашлар ҳақида хабар бермоқда. Одессада инфратузилма объекти ва фуқаролик биноларига шикаст етган, кўп қаватли уйда ёнғин чиққан.
Фото: REUTERS
Россия қўшинлари сешанбага ўтар кечаси, 17 феврал куни Одессага учувчисиз аппаратлар (дронлар) билан оммавий ҳужум қилди. Инфратузилма объекти ва фуқаролик бинолари шикастлангани ҳақида Одесса шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак маълум қилди.
“Туманлардан бирида турар жой биносининг юқори қаватларида ёнғин чиққан. Бошқа туманда эса дўкон ва автотехник хизмат кўрсатиш станцияси шикастланган. Икки нафар жабрланувчи борлиги маълум”, — дея Telegram’да ёзди Лисак.
“Страна.ua” нашри маълумотига кўра, шаҳарнинг айрим қисмларида электр ва сув таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
“Суспільне” телеканали ҳам Днипро шаҳрида ва Суми вилоятидаги Ахтирка шаҳрида портлашлар бўлгани ҳақида хабар берган.
Россия Мудофаа вазирлиги 16 феврал куни соат 20:00 дан 00:00 гача бўлган вақт ичида РФ ҳудудлари устида 76 та Украина дрони йўқ қилинганини билдирди.
Краснодар ўлкасининг Северский туманида учувчисиз учиш аппарати парчалари қулаши оқибатида икки киши жабрланган, тўртта хусусий уй шикастланган, улардан иккитасида ёнғин бошланганини маҳаллий тезкор штаб хабар қилди.
“Украинская правда” нашри маҳаллий аҳолига таяниб ёзишича, Украина Қуролли кучларининг дронлари Илский нефтни қайта ишлаш заводини нишонга олган, завод ҳудудида кучли ёнғин чиққан.
17 феврал куни тунги пайтда Қозон, Нижнекамск, Уляновск, Пенза, Тамбов ва Сочи аэропортлари ўз ишини вақтинча тўхтатган.