Жаҳон | 13:00 / 18.02.2026
1549
2 дақиқада ўқилади

Женевадаги музокараларда Европа давлатлари вакиллари ҳам бор

Германия, Франция, Буюк Британия ва Италия вакиллари Женевада ҳозир бўлиб, у ерда Россия, Украина ва АҚШ иштирокида янги музокаралар раунди ўтмоқда.

Фото: Beatrice Devenes/Federal Department of Foreign Affairs/Handout/Xinhua

Женевада Россия ва Украина ўртасида ўтаётган музокараларда Германия ва бошқа Европа давлатлари вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда сешанба, 17 феврал куни AFP агентлиги Берлиндаги ҳукумат манбаларига таяниб хабар берди. Хусусан, у ерда Гюнтер Зауттер — Германия федерал канцлерининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳам бор.

AFP маълумотларига кўра, европаликлар Украина ва АҚШ делегациялари билан (аммо Россия билан эмас) — “учрашув четида” алоҳида музокара ўтказишни режалаштирмоқда. Франция томонидан қатнашувчилар эса, музокаралар жараёнидан хабардор манбалар билдиришича, гап Елисей саройининг дипломатик бўлинмаси ходимлари ҳақида кетмоқда.

Италиянинг La Stampa нашри ёзишича, Италия, Германия, Франция ва Буюк Британия вакиллари маслаҳатлашувларда бевосита иштирок этмаяпти. Газета таъкидлашича, Европа давлатларининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари “Абу-Дабида бўлиб ўтган дастлабки икки сессиядан кейинги учинчи музокара сессиясини кузатиб бормоқда”.

Украинанинг “Суспільне” телеканали манбалари айтишича, музокаралар якунларига кўра, Украина делегацияси Буюк Британия, Германия, Франция ва эҳтимол АҚШ вакиллари билан учрашувларга умид қилмоқда.

Россия ва Украина вакиллари 17 феврал куни АҚШ воситачилигида Женевада музокараларни қайта бошлади. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров: «Бугун сиёсий ҳам, ҳарбий блоклар ҳам ишни якунлади», — деб маълум қилди. У, шунингдек, музокараларнинг биринчи куни натижалари ҳақида президент Володимир Зеленскийга ҳисобот беришини айтди. Маслаҳатлашувлар 18 феврал куни давом эттирилади.

АҚШ воситачилигида Абу-Дабида ўтган аввалги икки раунд музокаралар эса жиддий ютуқ келтирмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид