Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи якунига етди. Давлат раҳбари Вашингтонда Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида нутқ сўзлаб, Ғазо секторини ижтимоий-иқтисодий тиклаш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ўз қарашларини баён қилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти ташриф доирасида АҚШ савдо вазири Ховард Латник, АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир, Эксимбанк президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош ижрочи директори Бэн Блэк билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида давлат раҳбари бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида ҳамда қўшма лойиҳалар тақдимотида иштирок этди. Тадбирда АҚШ ҳукумати, йирик компаниялари ва молия институтларининг юқори даражали вакиллари, шунингдек, видеоалоқа орқали Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари қатнашди.
Ташриф тадбирлари якунлангач, президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига жўнаб кетди. Аэропортда давлат раҳбари ва рафиқасини АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм ҳамда бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.


