Жаҳон | 15:16 / 21.02.2026
3203
3 дақиқада ўқилади

Украина ва Молдовада қатор қотилликларни тайёрлаган гуруҳ фош этилди

Украина ва Молдова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қўшма операция давомида журналистлар, ҳарбийлар ва жамоат арбобларини ўлдиришни режалаштирганликда гумон қилинган 10 нафар шахсни қўлга олди. Айтилишича, жиноятлар Россия топшириғи билан тайёрланган.

Фото: picture-alliance/dpa/Sputnik/Stringer

Украина ва Молдова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари Россия томонидан берилган топшириқ асосида таниқли журналистлар, жамоат арбоблари ва ҳарбийларни ўлдиришни режалаштирган жиноий гуруҳни фош этди. Бу ҳақда Украина бош прокурори Руслан Кравченко 20 феврал куни Telegram’да маълум қилди. Унинг айтишича, ҳар бир қотиллик учун ижрочиларга 100 минг долларгача ваъда қилинган.

Украинада 7 нафар, Молдовада яна 3 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Улар орасида тармоқ ташкилотчиси — 34 ёшли Молдова фуқароси (аввал Россияда жазо ўтаган) ва унинг икки ҳамкори бор. Украинада бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудларда 20 дан ортиқ тинтув ўтказилиб, қурол-яроғ, ўқ-дори, портловчи моддалар, шунингдек мобил телефонлар ва компютерлар мусодара қилинган. Кравченконинг айтишича, «жиноий фаолият Россия кураторлари билан мувофиқлаштирилганини тасдиқловчи ёзишмалар аниқланган».

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) маълумотига кўра, гуруҳ ташкилотчилари Молдова фуқароларини ёллаб, уларни турист сифатида Украинага юборган. Қўлга олинганлар маълум шахсларнинг ҳаракатланиши, турмуш тарзи, дам олиш жойлари ва яшаш манзиллари ҳақида маълумот тўплаган. Украина ички ишлар вазири Игор Клименко таъкидлашича, «фақат йўқ қилиш буйруғини кутиш қолган».

СБУ маълум қилишича, агентлар “нишон”ларни кузатиш учун ўзларини етказиб бериш хизматлари курерлари сифатида кўрсатган, ҳужум режалаштирилган объектларни фото ва видео тасвирга олган, уларнинг геолокациясини Google Maps’да белгилаб, резидентга ҳисобот берган.

Қотиллик режаларидаги эҳтимолий нишонлардан бири Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) матбуот котиби Андрей Юсов бўлгани айтилмоқда. Шунингдек, полиция маълумотига кўра, Россияда “экстремистлар” рўйхатига киритилган ва қидирувга берилган машҳур журналист, давлат стратегик корхонаси раҳбарларидан бири ва ГУР ҳарбийлари ҳам нишон бўлган.

СБУ эса суиқасдлар Украина журналистлари ва жамоат арбоблари, стратегик корхона раҳбари, Бош разведка бошқармаси ҳарбийлари, жумладан унинг Хорижий легиони жангчиларига қарши режалаштирилганини билдирди.

BBC маълумотига кўра, гуруҳ таниқли украин журналисти Дмитрий Гордонни ҳам ўлдиришни режалаштирган. Украина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари аввал ҳам икки марта — 2024 йил сентябр ва 2025 йил июнда унга қарши суиқасднинг олди олинганини билдирган эди.

Украина бош прокуратурасига кўра, айнан шу шахсларни ўлдириш режаси жамоатчиликда катта резонанс уйғотиш, хавфсизлик ҳолати ҳақида салбий ахборот фонида муҳит яратиш ва Украинага қарши бузғунчи фаолият учун фойдаланиш мақсадида тузилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид