Жаҳон | 22:40 / 22.02.2026
2178
2 дақиқада ўқилади

Онасиз маймунча IKEA компаниясига миллионлаб доллар фойда келтирди

Хабар қилинишича, Япония, АҚШ ва Жанубий Кореядаги дўконларда орангутан ўйинчоғидан бирорта ҳам қолмаган. IKEA компанияси вакиллари харидорларни сабр қилишга чақирмоқда. 

Фото: Reuters

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Япониянинг Итикава шаҳридаги ҳайвонот боғида онаси ташлаб кетган Панч лақабли олти ойлик макака онаси ўрнига юмшоқ ўйинчоқни она қилиб олгани тасвирланган видео тарқалганди

Уни ҳайвонот боғи ходимлари парваришлашган, кейинроқ у бошқа маймунлар яшайдиган волерга ўтказилган, аммо тўда уни қабул қилмаган. 

Шундан кейин ходимлар унга IKEA томонидан ишлаб чиқарилган орангутан шаклидаги юмшоқ ўйинчоқни совға қилишган ва Панч уни ҳамма жойда ўзи билан олиб юра бошлаган.

Ушбу видео фонида АҚШ, Жанубий Корея ва Японияда Швеция компанияси ишлаб чиқарган маймун кўринишидаги юмшоқ ўйинчоқ савдоси авж олди. 

The Washington Post газетасининг ёзишича, дўконларда ушбу ўйинчоқдан бирорта ҳам қолмаган. IKEA компанияси вакиллари Япония, АҚШ ва Жанубий Кореядаги харидорларни сабр қилишга чақирди ва тез вақт ичида бу ўйинчоқ етказилишига ваъда берди. 

“Бу ўйинчоқ анчадан буён энг кўп сотиладиган ўйинчоқлардан эди, Япониядаги воқеа эса уни янада кўпроқ сотиб олишларига туртки бўлди”, дея изоҳ берди Ingka Group менежери Хавиер Кинионес.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид