Жаҳон | 15:28
2360
2 дақиқада ўқилади

Ташлаб кетилган маймун боласи интернет юлдузига айланди

Юмшоқ ўйинчоқ унга она ўрнини босмоқда.

Ижтимоий тармоқларда онаси ўрнига юмшоқ ўйинчоқни она қилиб олган макака видеоси вирусдек тарқалмоқда.

Япониянинг Итикава шаҳридаги ҳайвонот боғида Панч лақабли олти ойлик бу макака туғилганидан кейин онаси томонидан ташлаб кетилган.

Уни Ichikawa City Zoo ҳайвонот боғи ходимлари парваришлашган, кейинроқ у бошқа маймунлар яшайдиган волерга ўтказилган, аммо тўда уни қабул қилмаган. Шундан кейин ходимлар унга IKEA томонидан ишлаб чиқарилган орангутан шаклидаги юмшоқ ўйинчоқни совға қилишган ва Панч уни ҳамма жойда ўзи билан олиб юра бошлаган.

Интернетда тарқалган видеолардан бирида тўдадаги катта ёшли маймунлардан бири унга ҳужум қилиб, ҳар томонга судрагани, ёш маймун унинг қўлидан амаллаб қутулгач, чинқирганча ўз ўйинчоғи томон югургани акс этган.

Кейинроқ бошқа бир катта ёшли маймун Панчни ўз ҳимоясига олиб, уни бағрига маҳкам босганча, битларини тера бошлаган. Шунингдек, тенгдош маймунлардан бири у билан дўстлашган ва улар қувлашмачоқ ўйнашган.

Ҳайвонот боғи ходимлари қайд этишича, айрим индивидлар ўртасидаги вақти-вақти билан тажовузкорлик намоён бўлиши – макакалар учун нормал ҳолат. Шу билан бирга, Панчни бошқа волерга ўтказиб бўлмайди – макакалар ёлғизликда яшай олмайди, у аста-секинлик билан тўдага қўшилиши керак.

Панч акс этган кадрлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, кўплаб одамлар ўйинчоғини судраб юрадиган маймунчани кўриш учун ҳайвонот боғига ташриф буюра бошлашди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари эса HangInTherePunch (Бардам бўл Панч) ҳештеги билан уни қўллаб-қувватлашмоқда.

IKEA компаниясининг Япониядаги бўлими президенти Петра Фаре ҳам ҳайвонот боғига келган ва Панчга юмшоқ ўйинчоқлар коллекциясини совға қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид