Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон давлат қарзининг ўсиши охирги йилларда қандай ўзгарди?
2026 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 46,8 млрд долларга етди. Давлат қарзининг 39,8 млрд доллари – ташқи қарз, 7 млрд доллари эса – ички қарз. Давлат қарзи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 млрд доллар ёки 16,5 фоизга ошди. Ўзбекистоннинг энг йирик кредиторлари – Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки бўлиб қоляпти. Қарзнинг 64 фоизи долларда, 12 фоизи сўмда, 9 фоизи еврода жалб қилинган.
Фото: REUTERS
2025 йилнинг якунларига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 46,8 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботида келтирилган.
Ўтган йил давомида давлат қарзи 6,6 млрд долларга ёки 16,5 фоизга кўпайди. Бунда давлат ташқи қарзи 6,1 млрд долларга ўсиб 39,8 млрд долларга, давлат ички қарзи 542 млн долларга ўсиб, 7 млрд долларга етган.
Ўзбекистон давлат қарзи 2019-2025 йиллар оралиғида қуйидагича ўзгарган:
- 2019 йил –17,8 млрд доллар (+19,4 фоиз);
- 2020 йил – 23,4 млрд доллар (+31 фоиз);
- 2021 йил – 26,3 млрд доллар (+12,6 фоиз);
- 2022 йил –29,2 млрд доллар (+11 фоиз);
- 2023 йил – 34,5 млрд доллар (+19,5 фоиз);
- 2024 йил – 40,2 млрд доллар (+15,1 фоиз);
- 2025 йил – 46,8 млрд доллар (+16,5 фоиз).
Ўтган йил якунларига кўра, жон бошига давлат қарзи 1225 долларни ташкил этди.
Жалб қилинган қарз маблағлари нимага ишлатилган?
Ҳисобот даври якунига кўра, жами давлат ташқи қарзининг 50 фоизи (19,8 млрд доллар) бюджетни қўллаб-қувватлашга, 14 фоизи (5,6 млрд доллар) ёқилғи-энергетика соҳасига, 8 фоизи қишлоқ ва сув хўжалигига (3,3 млрд доллар), 8 фоизи (3 млрд доллар) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 8 фоизи уй-жой коммунал хўжалигига (3,1 млрд доллар) йўналтирилган.
Ўзбекистон кимлардан қарз олган?
2026 йил 1 январ ҳолатига давлат ташқи қарзининг асосий қисми қуйидаги ташкилотлардан жалб қилинган:
- Жаҳон банки — 8,9 млрд доллар;
- Осиё тараққиёт банки — 8,3 млрд доллар;
- Халқаро инвесторлар (халқаро евробондлар) — 5,8 млрд доллар;
- Хитой молия ташкилотлари – 3,9 млрд доллар;
- Япония молия ташкилотлари — 3 млрд доллар;
- Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 2,3 млрд доллар;
- Франция молия ташкилотлари – 1,3 млрд доллар;
- Ислом тараққиёт банки — 1 млрд доллар;
- Германия давлат банки — 739 млн доллар;
- Корея молия ташкилотлари — 722 млн доллар;
- Халқаро валюта жамғармаси — 628 млн доллар;
- Европа тикланиш ва тараққиёт банки — 457 млн доллар;
- Бошқа молиявий ташкилотлар — 2,5 млрд доллар.
Ташқи қарзнинг валюта таркиби қуйидагича: доллардаги кредитлар — 64 фоиз, ўзбек сўмидаги — 12 фоиз, евродаги – 9 фоиз, япон иенасидаги — 6 фоиз, юандаги — 3 фоиз.
Аввалроқ, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ташқи қарз масаласи кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётганини айтиб, бу масалага қуйидагича изоҳ берганди.
«Давлат қарзи ижтимоий тармоқларда муҳокама бўляпти. Ўсиб бораётган иқтисодиётимиз кўп маблағга муҳтож. Ташқи инвестициялар, ДХШ асосидаги лойиҳалардан ҳам маблағлар кириб келяпти. Давлат вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатлар, ичимлик сув, йўл, инфраструктура, шунингдек, мудофаа қобилияти, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини ташқи қарз эвазига қоплашга тўғри келади. Ўзбекистоннинг исталган энг чекка ҳудудларида ҳам уй-жойларни тадбиркорлар қуряпти. Тадбиркорларда одамлар ипотека олиб, уйни сотиб олади, деган ишонч бор. Ипотека муддати узоқ ва банкларни ипотека билан қоплаш маблағлари ҳам чет элдан олиб келинади. Бу ташқи қарз маблағларимиз ошишига олиб келади», – деганди вазир.
Маълумот учун, бюджетномада 2025 йилда жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд доллар эди. Шундан 3 млрд доллари давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун, қолган қисми эса инвестиция лойиҳаларига йўналтирилиши кўзда тутилганди.
Умумий ташқи қарз – 75 млрд доллар
Ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарз. Айни пайтда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 47 млрд доллар, бу ҳақда юқорида батафсил ёздик. Ўз навбатида, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган субъектлар давлат кафолатисиз ташқи қарз олса, бу хусусий ташқи қарз дея қайд этилади. Шундай бўлса-да, бундай «хусусий» қарзларнинг катта қисми давлатга тегишли компаниялар ҳиссасига тўғри келади. Масалан, Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ва Алоқабанк Хитой банкларидан кредит олиб, янги бинолар қурди.
Агар Ўзбекистондаги давлат банки ёки корхонаси ўз номидан ва давлатнинг расмий кафолатисиз қарз олса, бу хусусий қарз ҳисобланади. Лекин бу қарз давлат банки томонидан олинаётгани сабабли уни «ярим давлат» ёки «квази-давлат» қарзи сифатида ҳам таснифлаш мумкин, чунки қарз олувчи – давлатга тегишли ёки давлат томонидан назорат қилинадиган ташкилот. Бу қарз давлат қарзига кирмайди, лекин давлатнинг молиявий барқарорлигига таъсир қилиши мумкин, айниқса, давлат корхонаси олган қарзини қоплашда қийинчиликка дуч келган пайтда.
2025 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг мана шу умумий ташқи қарзи 75,4 млрд долларни ташкил қиляпти.
Мавзуга оид
07:58 / 03.02.2026
АҚШ давлат қарзига эгалик: энг йирик давлатлар рейтинги
07:33 / 24.12.2025
Давлат қарзлари харитаси: қайси мамлакатларда қарз энг катта?
18:02 / 05.12.2025
Ўзбекистон 2024 йилда Россиядан 39 млн доллар қарз олди
07:38 / 30.10.2025