Жаҳон | 15:44 / 24.02.2026
3084
4 дақиқада ўқилади

ЕИ кенгаши Россияга қарши 20-санкциялар пакетини қабул қила олмади

ЕИнинг бош дипломати Каллас Россияга қарши 20-санкциялар пакетини қабул қилиш масаласида ЕИ мамлакатлари тўлиқ келишувга кела олмаганидан афсус билдирди. Россиянинг Украинага тўлиқ кўламли босқинининг тўрт йиллиги арафасида санкциялар қабул қилинмагани муносабати билан иш давом эттирилмоқда.

Фото: Virginia Mayo

Евроиттифоқ давлатлари ташқи ишлар вазирлари Брюсселда ўтган учрашувда Россияга қарши 20-санкциялар пакетини қабул қила олмади. ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ЕИ Кенгашининг душанба, 23 феврал куни бўлиб ўтган мажлисидан кейин, аъзо мамлакатлар орасида якдил позиция йўқлигидан афсус билдирди.

«Бу муваффақиятсизлик ва биз юбормоқчи бўлган сигнал эмас», — деди у, қарор Россиянинг Украинага тўлиқ кўламли босқини бошланганига тўрт йил тўлишидан олдинги кунда қабул қилинмаганига эътибор қаратган ҳолда.

Европа дипломатияси раҳбари Россияга нисбатан санкцияларни қатъийлаштириш устида ишни давом эттиришга ва бу чоралар зарурлигига Венгрия ҳамда Словакия раҳбариятини ишонтиришга ваъда берди. «Биз аввал ҳам шундай сценарийларга дуч келганмиз ва бирга ечим топа олганимизни кўрганмиз. Ҳозир биз бу чоралар пакети бўйича олға силжиш учун венгер ва словак ҳамкасбларимиз билан турли даражаларда мулоқот қиляпмиз», — деди Каллас.

Унинг айтишича, ЕИ Украинага қўллаб-қувватлаш давом этиши ва Россияга босим кучайтирилиши ҳақида аниқ сигнал бериши керак. Россия қўшни давлатга қарши урушни тўхтатиши лозим, деди у.

Ўз навбатида, Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибиха Венгрия ва Словакияни «конструктив ҳамкорлик ва масъулиятли ҳаракатларга» чақирди. Унинг таъкидлашича, бу икки давлат Европа Иттифоқини «гаровда ушлаб туриш»ни тўхтатиши керак.

Бундан олдин Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украина “Дружба” қувури орқали нефт узатишни тўхтатгани сабаб, мамлакат 20-санкциялар пакетини блоклашини айтган. «Дружба» қувури ёпиқ турган пайтда биз қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Венгрияга ёнилғи етказиб беришни таъминлаймиз ва етказиб беришлар тикланмагунча зарур қарши чораларни кўрамиз», — деб ёзган Орбан X ижтимоий тармоғида.

Словакия бош вазири Роберт Фицо ҳам “Дружба” орқали нефт узатиш тўхтатилганини танқид қилди ва агар Киев транзитни тикламаса, Украинага электр энергияси етказиб беришни тўхтатиши мумкинлигини огоҳлантирган.

Европа комиссияси феврал ойи бошида Россияга нисбатан 20-санкциялар пакети бўйича ўз таклифини тақдим этган. Жумладан, ЕИ Россия нефти экспорти учун денгиз хизматларини тўлиқ тақиқлашни, шунингдек Россия учун танкерлар сотиб олишни қийинлаштиришни режалаштирмоқда. Санкцияларнинг иккинчи блокида ЕИ Россиянинг банк тизимига босимни кучайтиради. Чоралар санкция остидаги товарлар билан ноқонуний савдога кўмаклашаётган учинчи мамлакатлардаги банкларга ҳам таъсир қилиши керак.

Учинчи блок савдо чекловларини янада қатъийлаштиришни кўзда тутади. ЕИ 360 млн евродан ортиқ суммага турли товар ва хизматларни экспорт қилишга янги тақиқлар жорий этмоқчи — резина ва тракторлардан тортиб киберхавфсизлик соҳасидаги хизматларгача. Шунингдек, 570 млн евродан ортиқ суммага металлар, кимёвий маҳсулотлар ва муҳим минералларга нисбатан янги импорт чекловлари ҳамда портловчи моддалар ишлаб чиқариш учун материалларини ўз ичига олган ҳарбий мақсаддаги товар ва технологиялар экспорти бўйича қўшимча тақиқлар ҳам киритилмоқда.

Бундан ташқари, ЕИ илк бор санкцияларни четлаб ўтишга қарши махсус инструментни ишга тушириб, станоклар ва радиостанцияларни Россияга қайта экспорт қилиш хавфи юқори бўлган мамлакатларга экспорт қилишни тақиқлашни кўзламоқда. Еврокомиссия, шунингдек, санкциялар қўлланиши оқибатида Россияда интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиши ёки адолатсиз экспроприациядан ҳимоя қилиш учун ЕИ компанияларига қўшимча ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришни таклиф қилган. Санкциялар жорий этилиши учун ЕИ аъзоларининг барчаси якдил бўлиши шарт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид