Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Деҳлидаги университетда ўзбек тили бўйича 4 йиллик бакалавриат очилади
Ҳиндистонда ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини академик ўрганиш янги босқичга чиқмоқда. Деҳлида жойлашган Жамия миллия исломия марказий университети (JMI) янги ўқув йилидан бошлаб ўзбекшунослик бўйича тўрт йиллик бакалавриат дастурини ишга туширишини маълум қилди.
Жамия миллия исломия раҳбарияти томонидан тасдиқланган қарор мамлакатда ўзбек тилини ўқитиш тарихида янги саҳифа очиши, шунингдек, Ўзбекистон–Ҳиндистон таълим ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, JMI 1920 йилда ташкил этилган бўлиб, Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетда гуманитар ва табиий фанлар, муҳандислик, ҳуқуқ, меъморчилик ва стоматология каби йўналишларда минглаб талабалар таҳсил олади.
Университет миллий рейтинг тизими — NIRF талқинига кўра мамлакатнинг энг яхши олий ўқув юртлари қаторида барқарор ўрин эгаллаб келаётгани, QS World University Rankings халқаро рейтингида ҳам Жанубий Осиёдаги етакчи таълим марказлари қаторидан жой олгани таъкидланди.
Янги бакалавриат дастури университетда ўзбек тилини оммалаштириш бўйича кўп йиллик ишлар мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда. 2004 йилдан буён Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида JMI'да ўзбек тили курслари фаолият юритиб келаётгани, шу даврда юзлаб ҳинд ёшлари мазкур курсларни тамомлаб, олинган билимларни туризм, бизнес, дипломатия ва илмий тадқиқотлар соҳаларида қўллаётгани қайд этилди.
Ҳозиргача университетда ўзбек тили бўйича бир йиллик сертификат ва диплом дастурлари мавжуд бўлган, бакалавриат босқичида эса ўзбек тили қўшимча фан сифатида ўргатилган. Тўлиқ тўрт йиллик бакалавриат дастурининг очилиши эса таълим жараёнини янада тизимли ва чуқур даражага олиб чиқиши, келажакда шарқшунос олимлар, таржимонлар ҳамда амалиётчи мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
— Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчиллик билан ривожланмоқда. Бакалавриат дастурининг очилиши халқларимизни боғловчи ва ўзбек меросини Жанубий Осиёда тарғиб қилувчи амалий кўприк бўлади, — деди университет профессори Шаҳид Таслим.
Шу билан бирга, JMI бакалавриат даражасида ўзбекшунослик бўйича комплекс дастурни таклиф этган Ҳиндистондаги биринчи университетга айланиши билдирилди. Янги ўқув йили учун қабул ҳақидаги эълон университет сайтида эълон қилинган.
Дастур доирасида ўзбек тилини чуқур ўрганиш, мумтоз ва замонавий адабиёт, шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий анъаналарини таҳлил қилиш назарда тутилган. Шунингдек, университетнинг икки ўқув биноси Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино номлари билан аталиши ҳам қайд этилди.
Янги дастур битирувчилари келгусида Тошкент ва Деҳли ўртасидаги маданий ҳамда иқтисодий мулоқотда муҳим воситачи кадрлар сифатида шаклланиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
08:34 / 19.05.2026
Хориждаги ёшлар учун халқаро ўзбек тили олимпиадаси ташкил этилади
15:48 / 12.01.2026
Аэропорт, вокзал ва автостанция номлари давлат тили қоидаларига мослаштирилади
21:55 / 08.01.2026
Бола боғчада ва бошланғич таълимда ўз она тилида тарбия кўриши керак - Алишер Қодиров
23:16 / 06.01.2026