Жаҳон | 15:12
830
3 дақиқада ўқилади

Украина: Россия 20 минг болани мажбуран кўчирган ёки депортация қилган

РФ уруш бошланганидан бери Украина ҳудудидан 20 мингга яқин украин боласини мажбуран кўчирган ёки депортация қилган, деди Украина Олий радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Дмитрий Лубинец. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг асл мақсади — украин халқининг геноциди.

Фото: UNICEF

Россия ўзининг тўлақонли босқини бошланганидан бери Украина ҳудудидан тахминан 20 минг украин боласини мажбуран кўчирган ёки депортация қилган. Бу ҳақда Украина Олий радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец Киевда душанба куни, 23 февралда бўлиб ўтган Justice Conference халқаро конференциясида маълум қилди.

“Халқаро ҳуманитар ҳуқуқ нуқтаи назаридан, ҳозир жисмонан РФ ҳудудида бўлган украин болаларининг барчаси — депортация ёки мажбурий кўчиришдан жабр кўрганлардир. Бу Украина маълумот топган атиги 20 минг украин боласидир”, — деди Лубинец.

Украин омбудсмани айтишича, Россия украин болаларига “сафарбарлик учун ҳарбий ресурс” сифатида қарайди. Лубинец “Россиянинг ҳақиқий нияти — украин халқининг геноциди”, деб таъкидлади.

Украина биринчи хоними Елена Зеленская ўша конференцияда сўзга чиқиб, украин ўсмирларини “қайта тарбиялаш” деб аталадиган милитаризация қилинган лагерларга юборишларини, вояга етганларни эса РФ Қуролли кучларига сафарбар қилишларини айтди. Зеленскаянинг сўзларига кўра, Украинада аллақачон мазкур йигитларнинг ўз мамлакатига қарши урушда қатнашгани бўйича тасдиқланган ҳолатлар бор ва уларнинг кўпчилиги ҳалок бўлган.

“Россияликлар босиб олинган ҳудудлардан болаларимизни бутун бошли болалар уйлари билан олиб кетган. Мариупол ва бошқа украин шаҳарларида (россияликлар ўзлари вайрон қилган шаҳарларда — таҳр.) олдинроқ ўлдирилган ота-оналарнинг болаларини ҳам олиб кетган”, — деди Зеленская.

Украин омбудсмани Украина президентининг Bring Kids Back UA ташаббуси доирасида РФга депортация қилинган ёки Россия босиб олган ҳудудларда бўлган 2003 нафар бола уйига қайтарилганини айтди. “Шундай вазиятлар бўлганки, болаларга Россия армиясига қарши гўё ‘террористик фаолият’ бўйича айблов қўйишган, шундай болаларни ҳам қайтаришга муваффақ бўлинди”, — деди Лубинец.

У Қатарнинг “мураккаб ҳолатлар” устида ишлашдаги ролини қайд этиб, унинг кўмаги билан 83 нафар бола қайтарилганини айтди. Шунингдек, Лубинец АҚШга миннатдорлик билдирди, хусусан биринчи хоним Мелания Трамп ўғирланган украин болалари ҳақида РФ президенти Владимир Путинга хат ёзганини тилга олди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг айтишича, украин болаларининг сўнгги гуруҳи 2026 йил 13 феврал куни қайтарилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид