Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташриф буюрди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига амалий ташриф билан борди. Давлат раҳбари сафарни анъанага кўра Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Сафар доирасида Қуръон тиловат қилиниб, халқ ва юртга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо қилинди.

Зиёратдан сўнг уламолар билан бўлиб ўтган суҳбатда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Ҳаким Термизийнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда уни юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама этилди.


Шунингдек, муқаддас динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби фазилатлари, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг қалбида ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда зиёратчилар учун барча шароитлар яратилган. Атроф ободонлаштирилиб, мақбаранинг ўзида ҳам катта ҳажмда ишлар амалга оширилган. Жумладан, замонавий ёритқичлар, иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилган. Мажмуада микроиқлим яратиш мақсадида тўрт мингдан ортиқ — 40 турдаги кўп йиллик манзарали дарахт ва 20 мингдан зиёд мавсумий гуллар экилган.
Ташриф чоғида ислом илмларининг тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи ва тасаввуфий қарашлар каби йўналишларида кўплаб асарлар ёзган мутафаккир мажмуасини обод сақлаш, зиёратчилар учун қулайликларни янада кенгайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
